Сўнгги йилларда судни ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Бу ислоҳотларнинг амалга оширилишига сўнгги уч йил мобайнида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунлар, фармон ва қарорлар ҳуқуқий замин яратиб берди.
Шу қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 июль кунидаги ПФ-6034-сонли “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши республикада одил судлов фаолиятини янада такомиллаштириш, судьялар мустақиллигини тўлиқ таъминлаш ҳамда шахслар ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида яна бир тарихий воқеа бўлди десак муболаға бўлмайди.
Ушбу Фармоннинг 2-бандида,
- суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;
- жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;
- туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
- апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;
- давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
- прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш каби нормаларнинг амалдаги қонунчиликка киритиш белгиланди.
Ушбу ҳуқуқий нормаларни қонунчиликка киритилиши жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишда муҳим ўринни эгаллайди.
Зеро, шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишда сансалорчиликка йўл қўймаслик, жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш, келгусида биринчи инстанция суди томонидан жиноят ишини суд мажлисида мазмунан кўриб чиқишда ҳақиқатни аниқлаш, далилларни тўлиқ текшириш ва баҳолаш, тарафлар тенглигини таъминлаш, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлардан холи бўлиш, қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш суднинг энг муҳим фаолиятларидан бири ҳисобланади.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар одил судловни таъминлашда, шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишда жуда катта ўринни эгаллайди. Шу боис, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни такомиллаштириш борасидаги норматив ҳужжатларни ижросини амалга ошириш барчамизнинг бурчимиздир.
Жиноят ишлари бўйича Термиз
шаҳар суди девонхона мудири А.А.Қудратов
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan