Денов туманидаги “Арслонбек Азизахон” хусусий корхонаси кунига 4000 тонна полиэтилен плёнкалар ишлаб чиқариш қувватига эга. Қишлоқ хўжалиги, турли саноат корхоналари, қурилиш ва таъмирлаш ташкилотлари, қолаверса кундалик ҳаётимизда мунтазам тарзда фойдаланиладиган ҳар хил турдаги полиэтилен плёнкалар хорижий давлатлардан келтирилган махсус хом-ашё асосида ишлаб чиқарилади. Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган қарйиб ўн турдаги маҳсулотлар нафақат ички бозор, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлиб, корхонада маҳсулотни реализация қилиш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммолар йўқ. Муаммо фақатгина солиқ ҳисоботларини тузиш ва уларни юборишда эди. Эндиликда ушбу муаммо ҳам ўз ечимини топди. Туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари “Солиқчи тадбиркорга – кўмакчи” тамойили асосида корхонага дастлабки бухгалтериясини юритиш, солиқ ҳисоботларини тузиш ва топшириш ҳамда бошқа солиқ мажбуриятларини бажаришда яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
Тумандаги яна бир тадбиркорлик субъекти “Adxam-gold-mebel” хусусий корхонаси ҳам 2015 йилдан буён фаолият юритиб келади. Аҳамиятлиси, ушбу корхонада бугунги кунда 60 хилдан ортиқ рангдаги, мебеллар, эшик ва уй жиҳозлари ишлаб чиқарилмоқда. Бизнесдаги энг муҳим қоида – замон билан ҳамнафас юрмоқ. Шу боис корхона раҳбарлари ҳам мебелсозликдаги янги технологиялар ва замонавий асбоб-ускуналарни харид қилиш ва ишлаб чиқаришга илғор технологияларни кенг жорий этиш ниятидалар. Бунинг учун эса, албатта, сармоя керак. Корхона раҳбари солиқ ходимлари билан бевосита суҳбат давомида фаолиятларини кенгайтириш учун зарур бўлган имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам сўради ва солиқ ходимлари кўмаги билан уларга 553 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Бизнинг корхонамиз 2015 йилда ташкил этилиб, 10 турдан ортиқ мебель жиҳозларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандик, – дейди корхона иш юритувчиси Жаҳонгир Қурбонов. – Туман солиқ инспекцияси ходимлари корхонамизни келиб ўрганишганда имтиёзли кредит олишда ёрдам сўрадик. Уларнинг кўмаги билан 553 миллион сўм миқдорида кредит олиб, ушбу маблағни “Rover 547” гул ўйма аппарати харидига йўналтирдик. Бунинг натижасида ҳозирги кунда 30 дан ортиқ мебель маҳсулотлари ишлаб чиқараяпмиз.
Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришда “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида ишларнинг йўлга қўйилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йил бошидан буён Денов тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан 800 та тадбиркорлик субъектларининг муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Сурхондарё вилояти ДСИ матбуот хизмати
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan