Президент Шавкат Мирзиёев амалга оширилаётган лойиҳанинг аҳамиятига алоҳида тўхталди:
“У Тошкент вилоятининг Қурама тоғлари бағридаги бой хомашё захирасига эга бўлган конлар ҳисобидан комбинатнинг узоқ йиллар самарали ва барқарор фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратади.
Ўтган уч йил мобайнида комбинат конларида умумий узунлиги 206 минг метр бўлган 475 та қудуқ бурғуланди. Халқаро миқёсда тан олинган хориждаги лабораторияларда ушбу конлар рудасининг 100 мингдан ортиқ намуналари кимёвий таҳлиллар асосида чуқур ўрганилди.
Ана шундай илмий тадқиқотлар натижасида, халқаро баҳолаш мезонларига кўра, бу ердаги миснинг ялпи захираси – мана шу рақамларга алоҳида эътибор беришингизни сўрайман – 45 миллион тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этиши аниқланди.
Бу рақамлар эса, дунёдаги энг йирик, ноёб олтин ва мис конлари айнан мана шу ҳудудда жойлашган деб айтиш учун, тўла асос бўла олади.
Шунингдек, бу ерда қазиб олинаётган руда таркибида кумуш, молибден, селен, теллур, рений ва бошқа нодир металлар борлиги ҳам аниқланган.
2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камида 40 фоизга ортиши прогноз қилинмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, Олмалиқ комбинати ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга халқаро талаб узоқ йиллар давомида сақланиб қолади.
Ана шу ҳолатни ҳисобга олиб, 2017 йилда “Ёшлик-1” конлари комплексини ўзлаштириш бўйича амалий ишларни бошлаган эдик.
Ўтган 4 йил мобайнида барча зарур геологик тадқиқотлар ва 83 миллион куб метрдан ортиқ ҳажмдаги қазиш ишлари бажарилди.
Мана энди, дастлабки босқичда қиймати 2 миллиард доллар бўлган янги учинчи мис бойитиш фабрикасини қуришни бошлаяпмиз”.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan