Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси давлат дастурининг 2021 йил биринчи ярим йиллиги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи эшитилди. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев биринчи ярим йиллик ҳисоботини ўқиб эшиттирди.
Унда таъкидланишича, республикада мактабгача таълим қамровини йил охирига қадар 60 фоиздан 67 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун 225та МТТ қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилмоқда ва натижада 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
«Мактабгача таълим қамровини йил бошидаги 60 фоиздан йил якунига қадар 67 фоизга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга асосан 2021 йилнинг ўзида 225та МТТ қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилмоқда. Президент қарорига мувофиқ МТТ билан қамров даражаси паст бўлган 53та туманда алоҳида манзилли иш олиб бориш белгиланган. Унга асосан 2021-2022 йилларда 2 мингта оилавий нодавлат МТТ фаолияти йўлга қўйилади, 50 минг нафар тарбияланувчи учун янги ўринлар яратилади.
Умумий қуввати 11 минг ўриндан зиёд бўлган 100та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар иш бошлайди. Шунингдек, қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50та МТТ янги қурилади. Қолаверса, давлат ва нодавлат МТТ тармоғини кенгайтириш ҳисобига уларнинг сони 20 мингтага етказилади ва 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади», дейилади ҳисоботда.
Ҳукумат ҳисоботида халқ таълими тизимида таълим сифатини ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилгани, 90 фоиз мактабларга оптик толали интернет тармоғи етказилаётгани айтилди.
«Республиканинг 90 фоиз умумтаълим мактабларига юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғи етказилмоқда ҳамда 2550та таълим муассасаси ички локал тармоқ ускуналари ҳамда Wi-Fi қурилмалари билан таъминланди.
Олий таълим билан қамровни ошириш мақсадида президент қарори қабул қилинди. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ОТМларга ажратиладиган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 25 фоизга оширилди. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, ўтган йили жами қабул кўрсаткичи 150 бўлса, жорий йил 180 минг режалаштирилмоқда», деди Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan