Ўзбекистон — Тожикистон ҳарбий хизматчилари иштирокида «Жанговар ҳамдўстлик — 2021» махсус тактик ўқув машғулотлари ўтказилди.
Фото: Мудофаа вазирлиги
Шарқий ҳарбий округга қарашли «Ғурумсарой» дала ўқув майдонида 26 — 30 июль кунлари Ўзбекистон — Тожикистон ҳарбий хизматчилари иштирокида «Жанговар ҳамдўстлик — 2021» деб номланган махсус тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Ўқув машғулотлари жараёнида ўзбек-тожик ҳарбийлари касбий фаолиятлари юзасидан ўзаро малака ва тажриба алмашдилар.

30 июль куни Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари Қуролли Кучлари ҳамкорлигида ўтказилган «Жанговар ҳамдўстлик — 2021» махсус тактик ўқувининг асосий жараёнлари якунига етди. Ўқувнинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи ва Тожикистон Республикаси мудофаа вазирининг маслаҳатчиси генерал-майор Аъзам Қосимов иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти ҳудудидаги «Термиз» полигонида Ўзбекистон — Россия Қуролли Кучлари ҳамкорлигида қўшма ўқувлар ўтказилмоқда. 10 августга қадар давом этадиган машғулотлар давомида икки давлат ҳарбийлари шартли душманнинг яширин базаларини қидириб топиш ва йўқ қилиш, улар томонидан эҳтимолий ҳужумлар амалга оширилганда, уни бартараф этиш каби вазифаларни бажаришади.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan