Ўзбекистонда ўтказиладиган Президент сайловида онлайн овоз бериш мумкинми?

Ўзбекистонда ўтказиладиган Президент сайловида онлайн овоз бериш мумкинми?

Тошкент шаҳрида 7 август, шанба куни Марказий сайлов комиссияси ҳамда матбуот маркази бир қатор ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар билан ўтказилган учрашувда комиссия раиси Зайниддин Низомхўжаев сайловда онлайн овоз бериш борасида берилган саволга жавоб берди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбиир хабар қилди.

«Бу — жуда кўп кўтариладиган масала. Ҳозир АКТ соҳаси анча ривожланди, хоҳлаган жойдан овоз берса бўладими, деган савол бериш ўринли. Бироқ сайловнинг яширин овоз принципи бор. Яширин овозни электрон сайлов бўлганда идентификация билан кириш керак. Бунда эса яширин овозни таъминлаб бера олмай қоламиз. Ким кимга овоз берганини ҳеч ким билмаслиги керак.

Бизда бюллетенда фамилия ва исм ёзилмайди. Фуқаро овоз беради ва белгиланган жойга ташлайди. Бу масалани 2019 йилда бўлган сайловдан кейин мутахассислар ўрганган. Яқинда Европадаги сайлов органлари билан мулоқотда бўлганимизда ҳам улар айтишдики, электрон тизимда хавфсизлик нуқтаи назаридан овозларни қўшиб қўйиш ёки бошқа томондан ҳеч ким кафолат беролмайди. Уларда ҳам ҳозиргача бюллетень билан овоз бериляпти», — деди Зайниддин Низомхўжаев.

МСК раисининг таъкидлашича, бу амалиёт йўқ эмас, Эстония давлати буни қўллаб кўрган. Лекин яширин овозни таъминлаб беролмагани учун кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.

«Бизда фуқаролар Сайлов кодекси бўйича вақтинча ёки доимий яшаш жойидан овоз бериш ҳуқуқига эга. Агарда сайлов участкаси уйининг ёнида бўлса, лекин бу сайловчи бир оз нарироқдаги участкага бириктирилган бўлса, ёнидагига овоз беролмайди, ҳаққи йўқ. Чунки у битта сайлов рўйхатида бўлиши керак. Ягона сайловчи рўйхати тасдиқланганидан сўнг сайловчи ўша жойдан овоз беради. Лекин вақтинча яшаб турган фуқаролар учун ҳам ечим бор. Масалан, талабаларни оладиган бўлсак, улар вақтинча яшаш жойидаги сайлов участкасига бириктирилади», — деди у.

Маълумот учун, 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайловида Экологик партия томонидан партия Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашса, «Адолат» социал демократик партиясидан эса кенгаш раиси Баҳром Абдуҳалимов иштирок этади.

Шунингдек, «Миллий тикланиш» партияси сайловда Aлишер Қодиров номзодини илгари сурган. Бундан ташқари, Халқ демократик партияси номзод сифатида Мақсуда Ворисовани эълон қилганди. Сайловда ЎзЛиДеП томонидан Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев номзод сифатида қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда аҳолининг сайлов маданиятини ошириш бўйича дастур тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos