Шавкат Мирзиёев транспорт тўғрисидаги қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев транспорт тўғрисидаги қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев “Транспорт тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм канали хабар қилди.

Маълум бўлишича, қонунга мувофиқ автомобил, ҳаво, темир, сув, электр транспорти, метрополитен ва транспорт инфратузилмаси объектлари Ўзбекистоннинг ягона транспорт тизимини ташкил этади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар транспорт ташкилотларининг хўжалик фаолиятига аралашишга ҳамда ходимларини бошқа ишларга жалб этишга ҳақли эмас. Транспорт вазирлиги соҳада махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Қонунга кўра:

  • транспорт воситалари мувофиқлик ёки транспорт воситаси турини маъқуллаш сэртификатига эга бўлиши ва рўйхатдан ўтказилиши керак;
  • хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган транспортларни Ўзбекистонга олиб кириш, ишлаб чиқариш, сотиш ёки улардан фойдаланиш таъқиқланади;
  • давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида юкларни транзит олиб ўтиш чоғида транзит юклар ва ҳужжатлар идентификасия қилинади.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан бажариладиган операциялардан келиб чиққан ҳолда халқаро ва ҳудудий транспорт-логистика марказлари ташкил этилиши мумкин. Транспорт-логистика марказлари уларга ҳар қандай турдаги транспортда кириб келаётган ҳамда олиб чиқилаётган юкларни омборга жойлаштириш, сақлаш, уларга ишлов бериш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва тақсимлаш бўйича хизмат кўрсатади.

Ваколатли органлар вокзалда, аеровокзалда, аэропортда, метрополитенда ва автостансияга кириш жойида транспорт воситасини, багажни, юк багажини ва юкни, йўловчиларни ва бошқа шахсларни кўздан кечиришдан ўтказиши мумкин.

Шунингдек, фойдали қазилмалар жойлашган майдонларда транспорт ташкилотларининг объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, улар жойлашган ерларда ерости иншоотларини жойлаштириш таъқиқланади. Алоҳида ҳолларда, лойиҳалаштириш ва қуришга Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси рухсати билан йўл қўйилади.

Бундан ташқари, транспорт ташкилотлари ва ташувчилар фаолияти транспорт ҳаракатланиши билан боғлиқ бўлган ҳамда меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир шароитларда банд бўллган ходимларнинг дастлабки ҳамда даврий тиббий кўриклардан ўтказилишини ташкил этиши шарт.

Таъкидланишича, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos