Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти фуқаролик жамияти ривожида ектакчи кучдир

Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти фуқаролик жамияти ривожида ектакчи кучдир

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик институталарини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини янада ривожланиш ҳамда демократик тамойилларни ҳаётга кенг татбиқ этишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида муайян натижаларга эришилмоқда.

Бугунги кунда вилоят адлия бошқармаси маълумотларига кўра,  Сурхондарё  вилоятида 19 та соҳалар бўйича 585 та нодавлат нотижорат ташкилотлар рўйхатга олинган. Уларнинг 43 таси мустақил ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлса, 542 таси республика ННТларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳисобланади. Мазкур нодавлат ташкилотларда 2371 киши меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Уларнинг аъзолари сони тобора ортиб, 221524 нафарни ташкил этмоқда.

Ижтимоий йўналтирилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ўтган икки йилда Сурхондарё вилоятида фаолият олиб бораётган ННТ томонидан умумий миқдори 430 минг АҚШ долларига тенг бўлган 18 та халқаро грант маблағлари ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.

Мана масалан, “Аёл ва шодлик” маркази ЮСАИД халқаро ташкилотидан “Юксалиш ва салоҳият сари” лойиҳаси учун 71 миллион сўм миқдорида маблағни қўлга киритди. Мазкур лойиҳа доирасида марказ томонидан чекка қишлоқлардаги 30 нафар хотин-қизлар ўқитилди, волонтерлар базаси яратилди, 19 нафар аёллар бизнес асосларига ўқитилди.  Бундан ташқари “Аёл ва Замон” марказига маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш Канада фонди томонидан ажратилган 158 миллион сўмлик грант маблағи ажратилди.

Денов тумани “Таскин” аёлларни ижтимоий ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ЮСАИД томонидан 17 минг АҚШ долларига тенг грант маблағини қўлга киритиб, ҳозирда аёллар ва ёшларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг тиббий, экологик, ҳуқуқий маданиятини ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича ишларни амалга ошириб келмоқда.

         Бу борадаги имкониятларни янада кенгайтириш мақсадидаОлий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди  ҳамдаЎзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳузуридаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан бир қаторда Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳам тузилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлигини таъминлашга оид қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, маҳаллий бюджет ҳисобидан 1,1 миллиарддан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилиши белгилаб берилган. Шу муносабат билан мазкур жамоат фонди томонидан 4 та грант танлови эълон қилиниб 1-, 2-танлов натижаларига кўра 5 нафар,3-, 4-танлов натижаларига кўра 6 нафармаҳаллий ННТларғолибликни қўлга киритди. Ҳар бири 25-30 миллион сўмлик грант маблағлари эвазига қатор ижтимоий лойиҳалар  амалга оширилмоқда. Ана шундай ННТлардан бири Туркман миллий маданияти маркази Сурхондарё вилоятида истиқомат қилаётган туркманлар ўртасида азалий қадриятлар, урф-одатларни асраб-авайлашни кенг тарғиб қилиш, миллатлараро тотувлик ҳамда дўстликни ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилган. Бу борасида бир қатор самарали ишларни амалга ошириб келмоқда.

Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишга муносиб ҳисса қўшган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини рағбатлантириш мақсадида «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилган бўлиб, вилоятда фуқаролик жамияти институтлари билан бир қаторда ННТлар вакилларидан 6 нафари мазкур мукофот билан тақдирланди.

Мухтасар айтганда, демократик  давлат қурилишида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш  фақат ва фақат ривожланиш, юксалишга йўл очади.

Гульнора ХОДЖАНИЯЗОВА

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий асоциацияси Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

Нафиса ТУРДИҚУЛОВА

ЎзННТМА Сурхондарё вилоят  ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos