АСР томонидан ўрганишлар натижасида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги қўшимча таклифлар ишлаб чиқилди

Ҳудудларда кичик ва ўрта бизнес соҳасини изчил ривожлантиришга масъул бўлган ягона давлат органини белгилаш.

Малайзия ва Туркиянинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш тажрибасини ўрганиш ва ушбу мамлакатлар Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш агентликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Солиқ имтиёзларини инвентаризациядан ўтказиш ва индивидуал, ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган имтиёзларни бекор қилиш.

Кичик ва ўрта бизнесга имтиёз ва преференциялар, субсидиялар беришда Малайзия, Туркия тажрибасини ўрганиб чиқиш ва муайян шарт ва мезонлар асосида беришни жорий қилиш.

Хусусийлаштириш жараёнини фаоллаштириш, ҳар бир давлат корхонаси фаолиятининг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш ва хусусий сектор мавжуд бўлган соҳаларда уларни сотиш.

Нақдсиз иқтисодиётга ўтиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Мамлакатимизга ПайПал (ёки Стрипе) тўлов тизимини олиб кириш борасидаги муаммоларни ўрганиб (Марказий банк), халқаро тўлов тизимларини мамлакатимизга жалб қилиш борасида музокаралар ўтказиш.

Низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида:
– медиация тартибида эришилган ва нотариус томонидан тасдиқланган медиатив келишувларни нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхатига киритиш;

– бизнес вакиллари ўртасида медиация институтининг афзалликлари ва жозибадорлигини кенг оммалаштириш бўйича Адлия вазирлиги томонидан Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ҳудудлар кесимида тарғибот-ташвиқот дастурини ишлаб чиқиш.

АҚШнинг СCОРE тизими тажрибаси асосида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга масофавий тарзда ва интерактив шаклда бизнесда муваффақиятга эришган бизнес вакиллари томонидан бизнес маслаҳатлар бериш имкониятини берувчи “бизнесни яратиш бўйича онлайн гид” тамойили асосида ишлайдиган ахборот платформани яратиш.

Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга бизнесни бошлаш ва юритиш кўникмалари бўйича билимларни масофавий тарзда бериш амалиётини жорий қилиш.

Халқаро молия институтларининг молиявий-техник кўмагини жалб этган ҳолда банкротликни камайтириш бўйича амалдаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд бошқарувчилари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, тўловга қобилиятсиз ҳолатидаги тадбиркорлик субъектларини соғломлаштириш бўйича таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш.

Бизнес-омбудсман, Рақобат қўмитаси, Бош прокуратура, Рақамлаштириш вазирлиги ходимлари таркибида Адлия вазирлигида рухсат этиш тартиб-таомилларини қайта кўриб чиқиш штабини тузиш. Бунда, штабда қуйидагилар амалга оширилади:
тегишли вазирлик ва идоралар вакилларини жалб қилган ҳолда амалдаги рухсат этиш тартиб-таомилларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, шу жумладан уларни рақамлаштириш, соддалаштириш, хавф таҳлили тизимини жорий этиш, талаб ва шартларга риоя этилиши устидан масофавий мониторинг қилиш имкониятларини яратиш ҳамда янги тартиб-таомилларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳар соҳа бўйича тадбиркорлик субъектлари учрашувларини ўтказиш, муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan