Манфаатлар тўқнашуви ёки суиистеъмоллик тизимли курашни талаб қилади

Маълумки, жорий йилнинг 5 июнь санасида Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 5 боб 33 та моддадан иборат бўлиб, унда умумий қоидалар, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни давлат томонидан тартибга солиш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашга доир чоралар, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чораларни кўриб чиқиш ва текшириш ва якунловчи қоидаларга оид нормалар акс этган.
Қонуннинг 3-моддасида асосий тушунчалар ёритилган ва унга кўра манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият деб таърифланган.
Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принциплари сифатида қонунийлик; фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг қонуний манфаатлари устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; холислик; коррупцияга нисбатан муросасизлик қайд этилган.
Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи эканлиги таъкидланган.
Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш қуйидаги манбалардан олинган маълумотларни ўрганиш орқали амалга оширилади:
ушбу Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациядан;
давлат харидлари жараёнида олинган таклифлардан, харид комиссияси мажлисларининг баённомаларидан, тузилган шартномалардан;
жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятидаги мавжуд манфаатлар тўқнашуви ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги мурожаатларидан ёки хабарларидан;
тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатларидан;
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модулидан;
«ФҲДЙ Ягона электрон архиви» ахборот тизимидан;
«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат-дастурий мажмуидан;
Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан;
махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича киритилган тақдимномадан.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ижросини самарали ташкил этиш, ушбу Қонун билан белгиланган талабларни давлат органлари ва ташкилотларида жорий этишда ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга оид ҳуқуқий тартиботларнинг мазмун-моҳиятини давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ва кенг жамоатчиликка тушунтириш орқали мазкур Қонунни амалга киритишга ҳар томонлама ва пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2024 йил 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўгрисида”ги ПҚ-210-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Қонун билан ўрнатилган талаблар ва механизмларни давлат органлари ва ташкилотларида самарали жорий этиш, бу жараёнда ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш ҳамда улар учун зарур тушунтириш ишларини олиб бориш давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика идоралараро комиссияси таркиби иловага мувофиқ тасдиқланган.
Қуйидагилар Республика идоралараро комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланган.
давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш механизмларини самарали жорий этиш имкониятларини таҳлил қилиш;
давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлувчи ҳолатларни ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка мувофиқ бўлган чораларнинг кўрилишида ягона амалиётни шакллантириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари, савдо платформалари ва бошқа дастурий таъминотлари Қонун билан белгиланган талабларга мувофиқ такомиллаштирилишини таъминлаш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ҳамкорлигини ривожлантириш чораларини кўриш;
жамиятда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш.
Белгилансинки, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги Республика идоралараро комиссиясининг ишчи органлари ҳисобланади.
Шунингдек, қарорда Қонун кучга киргунига қадар ва Қонун кучга кирганидан кейин амалга жширилиши лозим бўлган вазифалар бирма-бир белгилаб берилган.
2024 йил 1-октабрга қадар халқаро экспертларни жалб этган ҳолда манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

Сурхондарё вилоят судининг
жиноят ишлари бўйича судьяси О.Эргашев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan