Ноткоин сотган яна бир йигит 10 суткага қамалди

Суд уни крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганликда айбли деб топди ва маъмурий қамоқ жазоси бериш билан бирга телефон аппаратини ҳам мусодара қилди.

Тошкентда крипто-актив савдоси билан шуғулланган йигитга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Кармана туманида яшовчи, 2003 йилда туғилган Ғ.Ё. ноткоин сотгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ўрганилган суд ҳужжатида келтирилишича, 2024 йил 28 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан фуқаронинг аризаси юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилган. Жараёнда Ғ.Ё.га тегишли телефон ва пластик картадан крипто-активларнинг ноқонуний фаолияти билан шуғулланилгани аниқланган.

Суд мажлисида Ғ.Ё. айбини тан олиб, крипто-активни Telegram’да йиғганини, 20 000 дона ноткоинни 150 АҚШ доллари эвазига сотганини маълум қилган. Йигит бу қилмиши ноқонуний эканини билмаганини айтиб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.

ЖИБ Чилонзор туман судининг 23 июлдаги қарори билан Ғ.Ё. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топган. Унга нисбатан 10 кун маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, ашёвий далил сифатида олинган телефон аппарати тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланган.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan