БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси Ўзбекистонга афғон халқи учун гуманитар ёрдам ортилган учта самолёт юборишни режалаштирмоқда. Гуманитар юк Термиздан Ҳайратон чегара пункти орқали Мозори-Шарифга етказилади. Бундай самолётларнинг биринчиси октябрь ўртасида Ўзбекистонга етиб келади. Шунингдек, агентлик Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда логистик марказларни ташкил этишни кўзлаган.
13 oktabr 2021
БМТ Ўзбекистон ҳудуди орқали афғон халқи учун гуманитар ёрдам юборади. Бу ҳақда БМТ янгиликлар хизмати хабар берди.
Яқин вақт ичида БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси (UNHCR) Ўзбекистондаги Термиз шаҳрига гуманитар ёрдам ортилган учта самолёт юборишни режалаштирмоқда. Ушбу гуманитар юклар Термиздан Ҳайратон чегара пункти орқали Мозори-Шарифга юк ташиш машиналарида етказилади.
Ушбу самолётларнинг биринчиси Термизга октябрь ойининг ўрталарида юборилиши маълум қилинди. Гуманитар юкларда биринчи эҳтиёж маҳсулотлари етказилади.
UNHCR вакили Бабар Балохнинг маълум қилишича, агентлик Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда логистик марказларни ташкил этиш устида иш олиб бормоқда. Улар орқали Афғонистон ҳудуди ичида кўчишга мажбур бўлган 100 минглаб афғонистонликларга фавқулодда ёрдам бериш кўзда тутилган.
«Кечалари ҳаво совуқлашмоқда ва бош-панасиз қолган одамларга тезлик билан ёрдам бериш зарур», — дея таъкидлади Балох. Унинг сўзларига кўра, ёрдамга муҳтожлар афғонлар сони 20 миллион кишига етган ва кундан-кунга ошиб бормоқда.
БМТ Афғонистондаги гуманитар операциялар учун жаҳон ҳамжамиятидан сўраган 606 млн долларнинг ҳозиргача фақатгина 35 фоизи йиғилди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамиятни Афғонистоннинг пароканда иқтисодиётини қутқариб қолиш учун маблағ йўналтиришга чақирди. Унинг айтишича, акс ҳолда бунинг оқибатлари нафақат афғон халқи, балки бутун дунёга сезилади.
БМТ бугунги кунда фақатгина 5 фоиз афғон оилалари нормал озиқ-овқат билан таъминланганлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. 5 ёшача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи тўйиб овқатланмайди, ёрдам кўрсатилмаса улар оч қолиб кетиши мумкин, ёрдамни етказиб бериш мумкин бўлган вақт эса ўтиб кетмоқда, дейилади БМТ хабарида.