Жорий йилнинг 1 декабрь куни Сурхондарё вилоят судида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирига Тошкент давлат юридик университети Термиз филиали талабалари ташриф буюрди. Талабалар билан вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари давра суҳбати ўтказишиб, давра суҳбати давомида талабаларга судлар фаолиятига доир масалалар, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумотлар берилди.
“9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш” куни муносабати билан талабалар билан “Коррупция ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида семинар машғулоти ўтказилиб, вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Джумаев ҳар бир давлат ўз ривожланиши давомида миллий манфаатларига энг кўп зиён келтирувчи таҳдидларга қарши курашишни устувор вазифа ҳисоблаб, унга қарши қатъий чоралар кўриши, шунинг учун ҳам халқимиз азалдан коррупцияни, айниқса, унинг азалий кўринишларидан бири бўлган порахўрликни қоралаб келган. Аммо инсоният тараққий этиб боргани сари айрим иллатлар, хусусан, корррупция ҳам ривожланиб, унинг инсониятга, жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, республикамиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсири кучаяётганлигини, шу боис, коррупция балосидан халос бўлиш мамлакатимиз олдидаги долзарб вазифаларидан бири эканлигини билдирди.
Шунингдек, судлов ҳайъати раиси Б.Джумаев семинар машғулотида бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар миллий дастур асосида тизимли амалга ошириб келинаётганлиги, 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланганлиги, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилганлиги, ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилганлиги юзасидан маълумот берилди.
Шундан сўнг, вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Д.Алмуратова семинар машғулотида жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасида “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида фаол ҳаракатлар компаниясига старт берилганлиги, келгусида ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни ҳамда жамиятдаги ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғата оладиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олиш, шунингдек, ушбу жараёнда кенг жамоатчилик иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини йўлга қўйишда, юзага келадиган низоли вазиятларни, шу жумладан оилавий-маиший зўрлик ишлатиш сабабларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, жамиятда оилавий-маиший тусдаги зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан, биринчи навбатда, яқин қариндошлар томонидан муросасиз муносабат муҳитини, шу жумладан жазо муқаррарлигини таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги шахсларни қўллаб-қувватлаш орқали қарор топтириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, оилавий ва шахслараро муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш жараёнларига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш каби устувор йўналишларнинг амалга ошишига ҳисса қўшиш зарурлигини билдириди.
Зеро, гендер зўравонлик – бу глобал муаммо бўлиб, жамиятда бундай зўравонликка ҳеч қандай ҳолатда ҳам кўз юмиб турмасдан, таълим ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни инкор этадиган, унга тоқат қила олмайдиган муҳит яратишда ҳисса қўшишимиз зарур бўлади.
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти