Барчамизга маълумки солиқ солиш тартибига кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаяпти. Шу билан бирга соҳага оид янгиликлар ҳам талайгина. Жумладан 2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи қайтарилади.
Харид суммасининг 1 фоизини қайтариб олиш имконини берадиган харид чекида онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал кассаларидан чиқарилган фискал белгили матрицали штрих код (QR-код)га эга бўлиши керак. Бундан ташқари, харид чекида сиз сотиб олган махсулотларингизнинг рўйхати бўлиши керак.
Харид чекини рўйхатдан ўтказиш учун телефонингизда «Soliq» мобил иловаси ўрнатилган бўлиши лозим. Иловани Play Market (Android) ёки App Store (iOS) орқали юклаб олишингиз мумкин.
Масалан: «Play market» иловасига кириб «Soliq mobil ilovasi» сўровини киритинг. Давлат солиқ қўмитасининг логотипи туширилган иловани юкланг ва очинг. Маълумотлар тўлиқ киритилиб бўлингач, «Давом этиш» тугмасини босиш керак. Шундан сўнг сизнинг киритган телефон рақамингизга Давлат солиқ қўмитасидан тасдиқлаш коди келади. Келган кодни катакчаларга ёзасиз ва илова сиздан Pin-kod ўрнатишни сўрайди. Кодни икки маротаба киритиш керак. Шундан сўнг, «Менинг карталарим» бўлимида «+» белгисини босиб, ўзингиз доим харид қилишда ишлатадиган банк пластик картасининг рақамини, амал қилиш муддатини ва хоҳишингизга кўра карта номини киритишингиз керак.
Юқоридаги барча босқичлар тўғри бажарилгач, илованинг «Менинг карталарим» бўлимида сизнинг картангиз акс этади. Илованинг «Умумий хизматлар» бўлимида «Кешбэк» тугмасини босиб, қўлингиздаги штрих кодли (QR-kod) харид чекини телефон камераси орқали рўйхатдан ўтказишингиз мумкин. «Кешбэк» бўлимида штрих код расми кўрсатилган тугмани босиш керак. Шундан сўнг камера харид чеки штрих кодига йўналтирилса, у автоматик тарзда штрих кодни ўқийди.
Илованинг «Менинг чекларим» бўлимида сканер қилинган чеклар рўйхати шаклланади. Харид чекларидан тушган кешбэк йиғилиб боради ва «Умумий кешбэк суммаси» бўлимида кўринади. Ой бошида ўтган ойда йиғилган кешбэк маблағлари тўлиқ кўринади. «Тушумлар тарихи» бўлимида харид чекини сканер қилиш орқали йиғилган кешбэклар тарихини кўриш мумкин. Йиғилган маблағларни «Картага пул ўтказиш» бўлимида банк картасига ўтказиб олиш мумкин.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати