Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига, қонун устуворлигини издан чиқишига, шунингдек, бозор иқтисодиёти тамойилларига тўсқинлик қилиб ҳаёт сифатини ёмонлаштириб одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади.
Ачинарлиси эса, ҳар-қандай шахсда хоҳ у оддий фуқаро ёки мансабдор шахс бўлсин уларда давлатга ҳамда қонун устворлигига нисбатан ишончнинг йўқолишига ҳамда жавобгарлик муқаррарлиги принципининг танозилга учрашига олиб келади. Натижада мансабдор шахслар пора олиш ва мансаб вакилларидан қасддан фойдаланишни оддий ҳол сифатида қабул қилиш, оддий фуқароларда эса «пора бермасдан масалани ҳал этиш мумкин эмас», деган психология ва инстинктнинг шаклланишига олиб келади.
Натижада ушбу муаммодан икки-учта ишдан бўшатишлар билан қутулиб бўлмаслиги кундек равшан бўлиб қолади. Сабаби коррупцияга қарши курашда шахслар билан курашиш самарасиз эканлигини тарих исботлаб берган.
Чунки бугунги дунё ҳамжамятида ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрамоқда. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.
Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканлиги тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлиги таъкидланмоқда.
Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлади. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак. Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.
Ш.Қодиров,
жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг девонхона мудири