Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бошчилигидаги ввазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шунингдек, инвестициявий, саноат ва экспорт соҳасидаги фаолиятини ўрганмоқда.
Маҳаллий тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчи корхоналар вакиллари билан бевосита мулоқотлар уюштирилди. Янги, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, илғор технологиялар асосида вилоятнинг ўзида ички бозорни тўлдирувчи ва экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича бир неча лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди. Бу борадаги айрим муаммоли масалалар мутассадилар иштирокида муҳокама қилинди. Кўтарилган барча муаммолар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, аниқ ечимлар ишлаб чиқилди. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш муддатлари ва масъул ижрочилар белгиланди. Бевосита учрашувлар давомида мутасадди раҳбарларга лойиҳалар ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳи аьзолари вилоятдаги айрим корхоналарга ташриф буюришди. Фойдаланилмаган ресурсларни ишга солган ҳолда вилоятда инвестициявий, саноат ва экспорт соҳасидаги фаолиятни янада кучайтириш, тадбиркорлар билан манзилли тарзда ҳамкорлик қилиш ҳамда янги лойиҳаларни ҳаётга жорий этишда уларга амалий кўмак бериш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, тегишли вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига тадбиркорликка кўмаклашиш, тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Динора Самадова, “Asrnews.uz” веб сайти мухбири.