Термиз шаҳрида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков маҳаллий журналистлар ва блогерлар билан учрашув ўтказди. Унда мамлакатимиз ва хорижда рўй бераётган долзарб масалалар ва воқеалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, халқаро иқтисодий муносабатлардаги ўзгаришлар, маҳаллий бизнес олдида турган долзарб муаммолар, инвестициявий ҳамкорлик ва экспортга етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилишнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди.
Журналист ва блогерларни инвестициявий муҳитни яхшилаш, тадбиркорлар ва маҳаллий аҳолининг долзарб муаммоларини зудлик билан аниқлаш жараёнларига жалб қилиш, шунингдек, мутасадди вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари билан яқин ҳамкорлик механизмларини жорий қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Суҳбат давомида иштирокчилар томонидан маҳаллий бизнес вакиллари билан мулоқот қилиш чоғида аниқланган муаммоли масалалар ҳам кўриб чиқилди. Мутасадди раҳбарларга кўтарилган муаммоларнинг тезкор ҳал қилиниши устидан назоратни кучайтириш вазифаси юкланди.
Динора Самадова, “Asrnews.uz” веб сайти мухбири.