Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни Сурхондарё вилоятида ҳам катта кўтаринкилик билан кенг нишонланди.
Эрта тонгдан Термиз шаҳридаги Хотира майдонида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, офицер, сержант ва ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди. Улар Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилганларни ёд этди.
Шундан сўнг, асосий байрам тадбири Термиз шаҳридаги Санъат саройида бўлиб ўтди. Тадбирда аввалида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини Сурхондарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов ўқиб эшиттирди.
Табрикда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тинч ва осойишта ҳаётимиз кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам жиддий аҳамият берилмоқда. Ҳарбий хизматларни уй-жой билантаъминлаш, маиший шароитини яхшилаш доимий эътибор марказида
Навқирон авлодимизни бугунги ахборот маконида мавжуд таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда ёт ва зарарли ғояларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги амалий ишлар самарадорлиги оширилди.
Табиийки, ушбу вазифаларни бажаришда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” деган тамойилдан келиб чиқиб, ҳарбий-маъмурий секторлар ва кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилгани мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиб, армия ва халқ бирлигини таъминлаш ва ҳудудий мудофаа масалаларини ечишда ҳал қилувчи орган вазифасини ўтамоқда.
Тантанали тадбир давомида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қуролли Кучлар оркестр ва ансамбль жамоалари, санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.