Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен 28 февраль − 1 март кунлари Тошкент шаҳрига ташриф буюради.
Ташрифнинг асосий мақсади Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Кеча, 27 февраль куни сиёсатчи Қозоғистонга учиб кетаётганини Тwиттердаги саҳифасида ёзиб қолдирган.
“Бугун мен Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга саёҳатга кетяпман. Бу менинг Давлат котиби сифатида Қозоғистон ва Ўзбекистонга биринчи сафарим бўлади ва мен Марказий Осиё билан ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга интиламан. У ердан Г20 йиғилиши учун Ҳиндистонга бораман”, деди у.
Остонада у минтақадаги барча бешта давлат вакиллари билан АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини тасдиқлаш, шунингдек, умумий глобал муаммоларга ечим излашда минтақа билан ҳамкорлик учун C5+1 (Марказий Осиё мамлакатлари + АҚШ) вазирлар учрашувида иштирок этади.
C5+1 вазирлар йиғилишида АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, энергетика, атроф-муҳит ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.