Бугун Сурхондарё вилояти солиқ бошқармасида Термиз шаҳрида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлар иштирокида семинар ташкил этилди.
Унда солиқ қонунчилигидаги ўзгариш ва қўшимчалар, солиқ ставкалари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан берилаётган солиқ имтиёзлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда уларни доимий иш билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2023 йил 1 майдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўловчилар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилиши ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, семинарда соҳа мутахассислари томонидан Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунтиришлар берилди.
Семинар давомида қуёш панелларини ўрнатган ва томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйган солиқ тўловчиларга татбиқ этиладиган солиқ имтиёзлари ҳамда солиқ қонунчилигидаги бошқа янгиликлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Бевосита мулоқотда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олишди.
Айни кунларда бу каби семинарлар вилоятимизнинг барча туманларида бўлиб ўтмоқда.
Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси Матбуот хизмати