Тўқаев Арманистонга боради
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг Арманистонга ташриф буюриш ҳақидаги таклифини қабул қилди. Бу ҳақда Арманистон Вазирлар Маҳкамаси маълум қилди.Тўқаев ва Пашиняннинг телефон орқали суҳбати чоғида Арманистон-Қозоғистон муносабатларига оид масалалар муҳокама қилинган. Шунингдек, икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорлик, иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланган.
Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, айни пайтда маданий-гуманитар ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Тўқаев Ақтау – Ереван – Ақтау йўналиши бўйича авиақатновлар йўлга қўйилганини ижобий баҳолаб, бунинг натижасида ишбилармонлик алоқалари ва туристик саёҳатлар сезиларли даражада фаоллашганини қайд этган.Шунингдек, томонлар транспорт, логистика ва савдо каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини келишиб олган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳам 1995 йилда Арманистон билан дипломатик алоқаларини ўрнатганига қарамай республиканинг Арманистондаги элчихонаси мавжуд эмас ва шу пайтгача давлат раҳбарларининг расмий ташрифлари кузатилмаган.Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон ва Арманистон 30 йил деганда тил топишгани ҳақида хабар қилган эдик.