Колорадо суди Трампга президентлик сайловида қатнашишни тақиқлади

АҚШнинг Колорадо штати Олий суди Дональд Трампни 2024 йилда АҚШ президентлигига номзодлар рўйхатидан чиқариб ташлаш ҳақида қарор чиқарди. Бунга собиқ президент тарафдорлари 2021 йилнинг 6 январь кунида сайловдаги мағлубият учун эътироз билдиришга уриниб, Капитолийга бостириб киргани сабаб бўлган. Бу ҳақда Zamon.uz хабар бермоқда.

Суд бу қарорни “қўзғолон ёки қўзғолон билан шуғулланган амалдорларнинг давлат лавозимларини эгаллашини тақиқловчи” конституциявий қоидага асосланиб қабул қилди. Қайд этиш керакки, Дональд Трамп бундай жазога лойиқ кўрилган АҚШ тарихидаги президентликка номзодлар орасида биринчи шахсга айланди.
Штат Олий суди кичик овоз фарқи билан (4 рози, 3 норози), “2024 йилги Республикачилар партиясидан номзод бўлган даъвогарни АҚШ ҳукуматига қарши зўравонликни қўзғатишдаги роли туфайли сайлов бюллетенида номзод сифатида кўрсатилишини тақиқлайди”, деб топди.

Суд қарори фақат Колорадода, 5 март куни бўлиб ўтадиган Республикачилар партиясининг праймеризларига тааллуқлидир, бироқ бу қарор Трампнинг 5 ноябрда бўлиб ўтадиган умумий сайловдаги обрўсига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Қарорнинг кучга кириши кейинги ой апелляция берилгунга қадар кечиктирилди.
Трампнинг сайловолди кампанияси суд қарорини нотўғри ва нодемократик деб атади ва АҚШ Олий судига шикоят қилишини билдирди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan