Энди кўп қаватли уйда яшовчилар айрим чиқиндиларни сотиб, даромад қилишлари мумкин бўлади

Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарларида ҳамда Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудлардаги чиқинди йиғиш майдонларида “қайта ишланадиган” тоифага мансуб чиқинди турлари сотиб олиш йўли билан қабул қилинади.

Бу ҳақда “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.
Унга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш тизимини бошқичма-босқич ташкил этиш учун 2024—2026 йилларда Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарларида ҳамда Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудлардаги чиқинди йиғиш майдончаларида чиқиндиларни “қайта ишланадиган”, “қайта ишланмайдиган” ва “озиқ-овқат” тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади.

2024 йил 1 июлга қадар мазкур ҳудудларда хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқиндиларни тоифаларига ажратган ҳолда тўплаши учун қуйидаги турдаги махсус (QR-код — матрицали штрих кодли) чиқинди пакетлари билан фуқаролар бепул таъминланади:
қайта ишланадиган маиший чиқиндилар учун — шаффоф, рангсиз;
қайта ишланмайдиган маиший чиқиндилар учун — қора ранг;
озиқ-овқат чиқиндилари учун — жигарранг.
Қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар чиқинди йиғиш майдончаларида санитар тозалаш корхоналари томонидан сотиб олинади.

Кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда чиқинди йиғиш майдонларида сотиб олиш йўли билан қабул қилинадиган “қайта ишланадиган” тоифага мансуб чиқинди турлари:
пластик чиқиндиларнинг барча турлари;
қоғоз чиқиндилар, макулатура;
қора ва рангли металл чиқиндилари ва ломмлари;
ишлатилган шиша маҳсулотлари ва чиқиндилари;
тўқимачилик материаллари чиқиндилари;
резина ва резинатехника маҳсулотлари чиқиндилари.
Ушбу бандда назарда тутилган лойиҳанинг амалга оширилиши вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва ҳокимликлар томонидан назорат қилинади ҳамда чиқинди йиғиш майдонларини пакетлар билан таъминлаш учун Экология жамғармасидан босқичма-босқич 30 миллиард сўмгача бўлган маблағ ажратилади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan