Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш афзалликлари ёхуд расмийлаштирмаслик оқибатлари
Юридик ва жисмоний шахслар ўзларига тегишли қонуний ер участкасига ва кўчмас мулкларига ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қиладилар, ундан фойдаланадилар, тасарруф этиш, мулкларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 31-моддасида “Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши” белгилаб қўйилган.
Ер участкалари ва кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 ноябридаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги 803-сонли қонуни билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ давлат рўйҳатидан ўтказилади.
Юридик ва жисмоний шахслар ўзларига тегишли ер майдонлари ва кўчмас мулкларни белгиланган тартибда давлат рўйҳатидан ўтказган тақдирдагина кўчмас мулкни тасарруф этиш, олди-сотди қилиш, хадя қилиш, мерос қолдириш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг бузилиши тўғрисида суд органларига даъво қилиш ваколатига эга бўладилар.
Бундан ташқари ер участкаларини давлат ва жамоат эхтиёжлари учун олиб қўйиш жараёнида олиб қўйилаётган ер майдонига тенг миқдордаги ер ҳамда кўчмас мулклари ва дов-дарахтларига бозор қийматидаги нархни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Юридик ва жисмоний шахслардан ер участкалари ва кўчмас мулкларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйҳатидан ўтказиш учун ҳуқуқий ҳужжатларни илова қилган ҳолда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Ер участкалари ва кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида давлат рўйҳатидан ўтказмаслик Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 681-моддасига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Солиқ кодекси”нинг 437-моддасига асосан ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида ҳисобланишига сабаб бўлади.
Ҳурматли фуқаролар ўзингизга қонуний тегишли бўлган ер участкалари ва кўчмас мулкларни ўз вақтида давлат рўйҳатидан ўтказишни унутманг!
Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси Бошлиғи Шармарданов Собир Хўшбоқович.