Сунъий интеллектнинг фейк маълумот ҳамда дезинформациялар тарқатилишида ижобий ва салбий жиҳатлари

“Ахборот хизматлари 2024: миллий ва хорижий тажриба” қўшма ўқув-семинарининг учинчи иш кунида ташкил этилган медиа-тренингда “Замонавий медиа маконда ахборот узатишда сунъий интеллект ва ижтимоий тармоқлар платформаларидаги янги имкониятлар” тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий тадқиқот институти катта илмий ходими Сайёра Ибрагимова сунъий интеллект ҳақида умумий тушунчаларни асослаб, жаҳонда ва Ўзбекистонда сунъий интеллектдан фойдаланиш даражалари қиёсий таҳлилларда кўрсатиб берди. Шунингдек, Ахборот хизматлари ишини енгиллатадиган, фойдали иловаларни тавсия қилди.

Рақамли технологиялар вазирлиги Сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Фазлиддин Анваров мамлакатимизда ахборот воситаларида сунъий интеллектнинг роли юзасидан маълумот берди.

Хусусан, сунъий интеллектнинг ривожланиш босқичлари, ушбу соҳадаги инновацион лойиҳалар, янгиликлар, “President Tech Award”, ахборот тарқатишда СИнинг афзалликлари,  таҳдидлари, сунъий интеллект тараққиётида ОАВ келажаги бошқа аҳамиятли масалалар бўйича гапириб ўтди.

“Янги Ўзбекистон” университети Таълим ва аккредитация бўлими мудири Ислом Элҳадарий сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган дипфейклар, сохта тасвирлар, хабарлар, глобал ахборот майдонида фейкньюслар оқимида сунъий интеллект таъсири ҳақида тақдимот қилди.

Сунъий интеллект ёрдамида контент яратиш бўйича амалий мисоллар келтириб, ёлғон хабарларни фарқлашга кўмаклашадиган иловалар билан таништирди. Қўшма-семинар ўзаро мулоқот ва савол-жавоблар билан самарали бўлиб ўтди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan