Ер соҳасидаги муносабатлар янада такомиллаштирилмоқда

Мамлакатимизда ер муносабатлари соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли тарзда ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга ер участкаларини ижарага олишда ижара муносабатларининг ўзига хос хусусиятларини аниқ белгилаш, ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш, жамоат эҳтиёжлари учун оммавий сервитут белгилашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига сервитут тўғрисидаги шартномага, сервитут иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига, сервитутни ўзгартириш ва уни бекор қилиш, сервитут учун ҳақ тўлаш, оммавий сервитутни белгилаш қоидаларига доир қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари ижара муносабатларининг объектига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) тартиби белгиланмоқда, ер участкаларини ижарага бериш тартиби ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ерга бўлган мулк ҳуқуқини бекор қилиш асослари аниқлаштирилди.

Хусусан, амалдаги қонун ҳужжатларида ижарага олинганноқишлоқ ерларини қайта ижарага беришнинг қонуний асослари мавжуд эмас эди.

Шунга кўра, мазкур Қонунда ноқишлоқ ерларни бошқа шахсларга ижара муддатидан ошмаган муддатга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкинлигини назарда тутувчи қоидалар белгиланди. Шунингдек, ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут)га доир қоидалар ҳам батафсил ёритиб берилди.

Унга кўра, сервитут шартлари, ҳақ тўлаш тартиблари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бинолар, иншоотларга сервитут белгилаш тартиблари аниқ белгилаб қўйилди ҳамда қонунчиликка илк маротаба жамоат эҳтиёжлари учун давлат томонидан сервитут белгилаш тартиби (оммавий сервитут ёки public servitude) тушунчаси киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси қуйидаги мазмундаги 305-моддаси билан тўлдирилди, яъни жамоат эҳтиёжлари учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (оммавий сервитут)

Жамоат эҳтиёжлари учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (оммавий сервитут) қуйидаги мақсадлар учун белгиланиши мумкин:ушбу Кодекснинг 25-моддасига мувофиқ ўзганинг ер участкасида геология-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа қидирув ишларини амалга ошириш;

ўзганинг ер участкасидан умумий фойдаланишдаги электр узатиш тармоқлари, алоқа линиялари ва бошқа линиялар, трубопроводлар, ички суғориш тармоқлари, муҳандислик тармоқлари ҳамда бошқа тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш. Оммавий сервитут манфаатдор ташкилотларнинг мурожаатлари асосида вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.

Ушбу моддада назарда тутилганидан бошқа мақсадларда, шунингдек, давлат мулки бўлмаган бино, иншоот ва кўп йиллик дов-дарахтлар жойлашган ер участкаларига оммавий сервитут белгилаш тақиқланади. Оммавий сервитут белгилаш тўғрисидаги қарор ер фонди тоифасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги ташкилотлар билан мажбурий тартибда келишилиши керак:

суғориладиган ерларда — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан; ўрмон фонди ерларида — ўрмон хўжалиги соҳасидаги ваколатли давлат органи билан;

табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларда ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларда — тегишли соҳалардаги махсус ваколатли давлат органлари билан.

Оммавий сервитут белгилаш ҳақидаги қарорда сервитут тўғрисидаги шартномада кўрсатилиши лозим бўлган барча шартлар кўрсатилиши керак. Бунда оммавий сервитут шартлари тарафларнинг келишувига кўра ёки улардан бирининг талабига кўра суд тартибида ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Оммавий сервитут белгилаш тўғрисидаги қарор сервитут белгиланган ер участкасида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш, бинолар ва иншоотларни қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳуқуқини бермайди.

Оммавий сервитут ушбу Кодексга мувофиқ, шунингдек оммавий сервитут белгилаш тўғрисидаги қарорнинг амал қилиш муддати тугаганда бекор қилинади.

Мазкур Қонун ижара муносабатлари янада кенгайишига, сервитут белгилаш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга, инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишдаги тўсиқларни камайтиришга, ер ижарасига оид ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга, шу билан биргаликда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди судьяси          У.Тожиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan