Сурхондарёда коррупцион ҳолатлар камаймоқда

Коррупцияга қарши курашиш Сурхондарё вилоят ҳудудий Кенгаши томонидан журналист ва блогерлар учун брифинг ўткалилди

Ҳудудий кенгаш раиси ўринбосари Абдукарим Ахмедов ахборотлар тақдим этаркан, вилоятдаги бошқарма, ташкилот ва муассасаларда олиб борилаётган ишлар ҳудудий Кенгаш йиғилишларида танқидий муҳокама қилиниб, коррупцияга қарши курашиш бўйича йўл қўйган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётгани таъкидланди.
Ҳисобот даврида ҳудудий Кенгашнинг 10 та ҳисобот йиғилишлари, 8 та сайёр йиғилишлар ўтказилиб, унда коррупцияга қарши курашиш бўйича жами 14 та ҳудудий давлат органларининг ҳисоботлари эшитилди.
Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари томонидан вилоят ҳудудида, айниқса, коррупциявий ҳолатлар кўпайган соҳа ва ташкилотларда давра суҳбатлари, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижроси бўйича ОАВларида кенг ёритиб борилмоқда.
“Халқаро коррупцияга қарши кураш куни”га бағишлаб, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Кенгаши раиси томонидан тасдиқланган Аксилкоррупция ҳафталиги доирасида ҳудудий Кенгаш аъзолари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳар йил декабр ойида “Коррупция ривожланишимизга тўсиқ” ҳамда ёшлар ўртасида “Коррупцияга йўқ дейлик” ва “Ёшлар коррупцияга қарши” шиорлари остида жами 35 та тарғибот тадбирлари ва акциялар ўтказилди.
Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг кириш қисми ва ички йўлакларига, яъни кўзга ташланадиган жойларга 4500 дан ортиқ пано, баннер ва флайерлар илинди. Бундан ташқари, аҳоли гавжум жойлар, магистрал йўллар, марказий кўчалар ҳамда бозорлар атрофида жойлашган реклама устунларига коррупцияга қарши кураш бўйича 100 дан ортиқ тарғибот материаллари жойлаштирилди
Бу борада ҳудудий Кенгаши аъзолари ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари билан биргаликда ёшлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, кенг аҳоли вакилларини жалб этган ҳолда жорий йилда 200 дан ортиқ туркум тадбирлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилди.

Соҳалар ва тармоқларда коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича вилоят “Маънавият ва маърифат” Кенгаши билан ҳамкорликда “Сурхондарё вилоятини коррупциядан ҳоли ҳудуд”га айлантириш бўйича тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Бирифинда қайд этилдики, кейинги йилларда Республика миқёсида олиб борилаётган шу каби самарали ва тизимли ишлар натижасида коррупцияга қарши кураш соҳасида мамлакатимизда бир қатор ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.
Бинобарин, коррупцияга қарши курашиши бўйича халқаро йиллик рейтингда Ўзбекистон Республикаси сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиб келмоқда. Чунончи, дунёнинг 180 та мамлакатлари орасида ҳар йили ўтказилган рейтингда 2016 йилда 21 балл билан 156 ўринда қайд этилган бўлса, 2022 йилда 31 балл билан 30 поғонага кўтарилиб, 126 ўринга чиқди.
2023 йил якуни бўйича ўтказилган сўнгги тадқиқотга кўра, Ўзбекистон 33 балл билан яна 5 поғона кўтарилиб, 121 ўринни эгаллади. Бу ўтган йилга қараганда Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бироз яхшиланганини кўрсатади.

Вилоят худудий кенгаши томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 6 ойи мобайнида коррупцияга оид жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кескин камайишига эришилди.
Хусусан, 2023 йил 6 ойи мобайнида 242 та жиноят иши бўйича 341 нафар шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлса, 2024 йилнинг 6 ойида эса жами 117 та жиноят иши бўйича 137 нафар шахслар томонидан жиноятлар содир этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан жиноятлар сони 125 тага, жиноятлар содир этганлар шахслар сони эса 204 нафарга, яъни икки баравардан зиёдга камайганлигини кўрсатмоқда.

Ўтган йили умумхалқ референдумида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасида Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари сифатида коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш белгиланганлиги ҳам мазкур иллатга қарши курашиш борасидаги ижобий ўзгаришлар учун мустаҳкам замин яратади.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг
15-моддаси иккинчи қисмида оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишдаги иштироки давлат сиёсатини амалга оширишга, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тадбирларни ёритиб бориш зарурлиги қайд этилган. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқий иммунитетни, ҳуқуқий саводхонлик даражасини яхшилаш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. Кишиларнинг фикрини, дунёқарашини юксалтириш, ҳуқуқий таълим ва маърифатни такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг қонунни билиши ва унга амал қилиши уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга ёрдам берувчи етакчи куч ҳисобланади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan