Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади!
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Термиз туманидаги 3-умумтаълим мактабида ҳам “Билимлар куни” катта хурсандчилик билан қарши олинди.
“Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остида ташкил этилган тадбирда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Эркин Нарманов ҳамда Термиз тумани ҳокими ўринбосари Шухрат Қаландаров сўзга чиқиб, устоз-мураббийлар ва ўқувчиларни навбатдаги ўқув йилининг бошланиши ва Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги билан муборакбод этди.
Таълим соҳасини ривожлантириш ва ўқувчиларнинг пухта билим олишларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар, энг аввало истиқлол берган кенг имкониятлар самараси эканлиги таъкидланиб, мустақилликнинг қадрига етиш, она диёримиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш шу юртда камол топаётган ҳар бир ўғил-қизнинг эзгу мақсадлари қаторидан жой олиши лозимлиги қайд этилди.
Вилоят 4-сектор раҳбари мактаб остонасига эндигина қадам қўйган жажжи ўғил-қизларни илм-маърифат масканига ташрифи билан қутлаб, Президент совғасини топширди.