Манзилли ишлаш ўз самарасини бермоқда
Барчамизга маълумки солиқ ходимлари маҳалла еттилиги таркибига киритилиб, солиқ тўловчилар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди.
Денов туманидаги 98 та маҳаллага 33 нафар солиқ инспектори бириктирилган бўлиб, август ойи якунига кўра туманнинг “Лўпон”, “Истиқлол юлдузи”, “Чашмасор” ҳамда “Ўзбекистон” маҳаллалари солиқ инспектори Мансурбек Қодиров вилоятда энг юқори натижани қайд этди ва Солиқ қўмитаси Раисининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
“Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти” ахборот тизимида баҳолаш натижаларига кўра 2024-йилнинг март ойидан буён 90 баллдан юқори натижани (март 95,8%, апрел 92,4 %, май 96,4%, июн 100%, июл 92,3%, август 100%.) қайд этаётган қаҳрамонимиз август ойини ҳам 100 баллик кўрсаткич билан якунлади.
-Фаолиятимдаги юқори самарадорлик кўрсаткичи солиқ тўловчилар билан бевосита мулоқотлар натижаси деб ўйлайман, – дейди 10-ҳудуд солиқ инспектори Мансурбек Қодиров. – Аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида доимий тарзда солиқларнинг давлат ва жамият ривожидаги муҳим ўрни, ноқонуний тарзда савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш, товар айланмаси ёки ходимлар сонини яшириш каби қонунга зид хатти-ҳаракатларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бораман. Натижада солиқ тўловчилар ўз мажбуриятларини бажаришга, шаффоф фаолият юритишга ҳаракат қилишаяпти. Мисол учун жорий йилнинг январь-август ойларида менга бириктирилган ҳудуддаги 22 та хўжалик юритувчи субъектнинг товар айланмаси (10,2 млн сўмга) оширилиб, қўшимча 19,7 млн сўмлик АОС тўланиши таъминланди. АОС бўйича август ойи прогноз режаси 203,8 фоизга бажарилди.
Солиқ тўловчиларнинг 12 та кўчмас мулк объектлари аниқланиб, улар бўйича қўшимча 2,8 млн сўм солиқ ҳисобланди.
Жисмоний шахслар ўртасида бўш турган бино ва ер майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида ўтган ойда 3 та бўш турган ер майдонидан фойдаланиш йўлга қўйилди ва 5 та янги иш ўрни яратилди.
Хатлов натижасида ноқонуний фаолият кўрсатаётган 23 та субъект ва 3 та деҳқон хўжалиги рўйхатдан ўтказилди.
13 та корхонада норасмий ишлаётган 21 нафар ишчи-ходим фаолияти қонунийлаштирилди ва уларга ҳисобланган иш ҳақидан 2,6 млн сўм қўшимча даромад солиғи ҳисобланди.
9 та вақтинча молиявий қийинчиликка дуч келган тадбиркорлик субъекти фаолияти тикланди.
Маҳалла еттилиги билан биргаликда 830 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилди. Улардан 285 нафар томонидан тўланган ижтимоий солиқ ҳисобидан бюджетга 69 млн 632 минг сўм қўшимча маблағ йўналтирилди. Аҳамиятлиси, даромад топиш истагида ўзини ўзи банд қилганлар, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ниятида тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтмоқда. Биргина август ойида 3 нафар ўзини ўзи банд қилганлар якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
“Лўпон”, “Истиқлол юлдузи”, “Чашмасор” ҳамда “Ўзбекистон” маҳаллаларида 4772 нафар ер ва мол-мулк солиғи тўловчилари бўлиб, август ойида уларнинг сони яна 12 тага кўпайди. Хатлов ишлари натижасида 6 та турар жой ва 6 та ер майдони рўйхатга олиниб, 2 млн 750 минг сўм солиқ ҳисобланди.
Шу тариқа ўтган 8 ой давомида мазкур ҳудудларда 25,1 млн сўмлик қўшимча манба аниқланди.
Солиқ инспекторларини маҳалла еттилиги таркибига киритишдан кўзланган мақсад ҳам айни шу – маҳаллалардаги имкониятларни ишга солиб, солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштиришга, ўзини ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш ҳамда паст қувватда ишлаётган ва фаолиятини вақтинча тўхтатган субъектларга фаолиятини тиклаш ва кенгайтиришга яқиндан ёрдам беришдир.