“Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли Фармони мазмун моҳияти хусусида
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида:
жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш;
жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш;
тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш;
тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш;
қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш;
қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш;
фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш каби вазифалар белгиланди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари — қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқади. Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда. Бу орқали жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция суди судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблиги таъминланади.
Энг муҳими, тергов судьяси фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун кенг имкониятлар яратади.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг судьяси Ш.Қодиров