Тадбиркорлар учун навбатдаги солиқ имтиёзлари

Сурхондарё вилояти солиқ бошқармасида умумий овқатланиш ҳамда меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида солиқ қонунчилигига оид сўнгги янгиликлар ва ўзгаришларга бағишланган ўқув семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий овқатланиш, меҳмонхона ва туроператорлик хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш ва уларнинг қонуний ишлаши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисида маълумотлар берилди.

2024 йилнинг 1 октябридан туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига — бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоизи қайтарилиши, бунда туроператорлик хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилган хизматлар учун чет эл валютасидаги тушумлар барча товарларни ва хизматларни реализация қилишдан олинган тушумнинг камида 80 фоизини ташкил этиши кераклиги қайд этилди.

2025 йил 1 январдан умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига уларнинг ойлик товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмасининг нақд пулсиз қисми миқдорига қараб тўланган ҚҚСнинг 40 ёки 20 фоизи қайтарилиши тушунтирилди.

Маълумот учун Сурхондарё вилоятида 686 та умумий овқатланиш, 79 та меҳмонхона ва 61 та туроператорлик хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда.

Семинарда шунингдек солиқ қонунчилигига оид сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимачалар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan