Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисидаги қонуни мазмун моҳияти.
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 30 июлда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2024 йил 23-октабрда маъқулланган.
Барчамизга маълумки Кейинги йилларда мамлакатимизда ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофликни, ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлашга ҳамда ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишининг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга ерга оид ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.
«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча киритилди.
Ушбу Қонун ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга, уларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш ҳолатларининг камайишига, ер тўғрисидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ қилмишларни содир этганлик учун қўлланиладиган таъсир чораларининг мутаносиблиги ва етарлилиги принципларини таъминлашга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ж.Худойбердиев