Одам савдоси-аср муаммоси.

Асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирги кунга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
“Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция (1949), “Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида”ги қўшимча Конвенция (1956), “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида”ги Конвенцияни тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида”ги баённома (2000) бу борада одам савдосига қарши курашишни ҳуқуқий асосларини яратиб бермоқда.


Одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2005 йили МДҲ доирасида “Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида”ги келишув, 2006 йилда саккиз аъзо мамлакат доирасида “Одам савдосига қарши курашнинг 2007–2010 йилларга мўлжалланган дастури” қабул қилинган эди.


Бироқ, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги ва мамлакатлардаги ишсизлик ва аҳоли турмуш даражасининг пастлигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.
БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.


Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашнинг ҳуқуқий асосини яратиш ва самарадорликни ошириш мақсадида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унга кўра одам савдосига қарши курашувчи давлат органлари ва уларнинг ваколатлари аниқ қилиб белгилаб қўйилди. 


Қонунга кўра одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг қуйидаги:
одам савдосига қарши курашишга, шу жумладан одам савдосига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
Одам савдосининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, тиббий, профилактика чора-тадбирларини, ахборотга оид чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;
одам савдосини ўз вақтида аниқлаш ва унга чек қўйиш, унинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципини таъминлаш каби вазифалар белгиланди. Таъкидлаш жоизки, ушбу турдаги жиноятларни батамом тугатишни имкони бўлмаяпти. Одам савдоси бугунги кунга келиб, глобал хавфлигича қолмоқда.

Ш.Қодиров,
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг тергов судьяси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan