Кичик ва ўрта бизнес ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиёт ҳажмининг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бир қисми айнан кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мазкур йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, ўз салоҳиятларини тўла ишга солишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида республикамиз бўйлаб кичик ва ўрта тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Ядгаровнинг ангорлик тадбиркорлар билан учрашувида ҳам хусусий сектор вакилларига берилаётган имкониятлар, мавжуд муаммолар ҳақида фикр алмашилди.
Унда 2024-йилда вилоятда 500 нафарга яқин кичик тадбиркорлар бизнес тоифасини йириклаштиргани алоҳида қайд этилди.
Иштиркочиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ берилаётган имкониятлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек тадбиркорларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, солиқ ҳисоботлари, маъмурий ҳуқуқбузарлик, кредит ҳамда солиқ ставкалари билан боғлиқ муаммо ва таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.
Маълумот ўринда айтиш керакки, Ангор туманида 2500 дан ортиқ кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда.