Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси раҳбарияти вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

Тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган учрашувларда солиқ қонунчилигига оид ўзгариш ва янгиликлар ҳақида сўз юритилиб, хусусий сектор вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Ядгаровнинг Олтинсойлик тадбиркорлар билан учрашувида ҳам солиқ соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбиркорларнинг солиқ имтиёзларини қўллаш, нотурар объектларга мол-мулк солиғини ҳисоблаш, банк ҳамда кадастр органлари билан боғлиқ муаммо ва таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Таъкидлаш жоизки, Олтинсой тумани 5 тоифадаги ҳудудлар таркибига киритилган бўлиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида берилган солиқ имтиёзлари натижасида 2024 йилда тумандаги 3442 нафар тадбиркорлар ихтиёрида 18 млрд 460 млн сўм маблағ қолди. Энг муҳими имтиёзлардан унумли фойдаланаётган олтинсойлик ишбилармонлар тежалган маблағларни фаолиятларини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга йўналтирмоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan