Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева файсбукдаги саҳифаси орқали ОАВ вакилларига табрик йўллади.
“Қадрли оммавий ахборот воситаларининг фидоий ходимлари!
Сизларни 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Бугун мамлакатимизда “тўртинчи ҳокимият” сифатида эътироф этиладиган ушбу тизимда ошкоралик, таҳлил ва танқид руҳи кучайгани, қолаверса, давлат идораларининг халқ билан бевосита мулоқот қилишида сизларнинг алоҳида ўрнингиз борлигини қайд этишимиз жоиз.
Биз ҳаётий ва касбий тажрибангизни, кенг дунёқарашингиз ва юртсеварлигингизни, маҳорат ва иқтидорингизни, энг муҳими, ҳар бир сўзингизни юксак қадрлаймиз.
Сизларни касб байрамингиз билан чин қалбимдан қутлаб, давлат идоралари ва халқ ўртасидаги кўприк бўлишдек масъулиятли вазифани бажаришингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз!, – дея самимий тиликлар изҳор этилган.