ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқ хабарларига кўра, Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх туманидаги Чашма қишлоғи аҳолиси ва Қирғизистоннинг Чечма қишлоғи фуқаролари ўртасида зиддият вужудга келган. Маълум бўлишича, икки қишлоқ аҳолисининг можароси ўша ердаги сувдан фойдаланиш устида келиб чиққан. Икки мамлакат фуқаролари бир-бирларига тош отишган. Бир неча киши тошбўронда жароҳатланган. Ҳар икки томонда ҳам аҳоли уйлари ёқиб юборилган.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳолат бўйича берган ахборотига кўра, юзага келган вазиятни бартараф этиш учун икки давлат маҳаллий ҳокимиятининг масъул раҳбарлари воқеа жойида учрашишган. Натижада икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳудудни биргаликда патруль қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Маълум қилинишича, Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов Боткен вилоятига келди. Шу ерда у Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашади ва икки давлат чегара ҳудудида яшовчи аҳоли ўртасида юз берган тўқнашув муҳокама қилиниши кутилмоқда.