Ўзбекистондаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Олис Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди рўйхатдан ўтказилиб, фаолиятини бошлади.
Шу кунларда халқимизнинг бироз дилини хира қилган вирус сабаб кўпчилик қаторида музработликлар ҳам хушхабарга муштоқ эдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила ҳукуматимизнинг 8 июндан диний ташкилотлар фаолиятига қайта рухсат бериш арафасида, жорий йилнинг 5 июнь куни, янги масжидга давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақида адлия бошқармасидан гувоҳнома тақдим этилди.
180 мингга яқин аҳолига эга Музработ туманида шу кунга қадар 1 та масжид фаолият юритар эди. У ҳам бўлса туман марказидан салкам 20 километр узоқликда жойлашган бўлиб, аҳолининг кўп қисми жамоат намозларини адо этиш учун узоқ масофада жойлашган масжидга қатнар эди. Бу албатта кўпчиликка қийинчилик туғдирар, айниқса кексалар учун мушкул ҳолат бўлиб, “туманимиз марказида ҳам масжид бўлса эди”, дея эзгу ният билан яшарди.
Ниҳоят бу борада қилинган ҳатти-ҳаракатлар, уринишлар зое кетмади. Аҳолининг бир неча бор қилган мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди.
Ўтган икки ярим йил давомида, халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган ва намозхонлар учун қулай шароитларга эга 1500 кишилик сиғимга эга бўлган масжид бунёд этилди. Тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, вилоят адлия бошқармасидан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома олинди. Масжидга мамлакатимиздаги кўплаб қориларнинг, хусусан, Сурхондарё ва Қашқадарё воҳасидаги минглаб толиби илмларнинг устози бўлган воҳалик олим, марҳум Дўстмуҳаммад оҳун домланинг номи қўйилди.
Мазкур масжид, том маънода маърифат масканидек қат ростлаган. Хонақоҳ шарқ услубидаги замонавий кўринишда бунёд этилган бўлиб, сержило, иссиқ воҳа тафтини намоён этади. Масжид гумбазининг ички томонида Қуръони каримнинг ибодатга даъват этувчи оятлари битилган.
Меҳроб эса оловранг сиёҳлар билан куфий ва сулс ҳатларида Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбар алайҳиссаломга саловат шунингдек, оятлар билан безатилган.
Хонақоҳ ёнида замонавий услубдаги ҳар томонлама қулай, иссиқ ва совуқ сувга эга таҳоратхона бунёд этилган.
Масжид ховлисига туташ қилиб, боғ ва гулзор ҳамда автотураргоҳ бунёд этилган.
Хуллас, мазкур масжид мамлакатмизнинг энг олис туманларидан бири саналмиш Музработ аҳли учун чексиз қувонч ва бахтга сабаб бўлувчи маскан бўлди.
Марказ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода. Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ҳам ўз масжидлари бор. Туман марказида ҳам азон баралла янграйди. Бу азон ҳудуд аҳолиси учун нажот чақириғи, маърифат, тарбия, илоҳий раҳматнинг даъвати бўлади, инша Аллоҳ. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади.
Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2068 тага, Сурхондарё вилоятида эса 113 тага етди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июнь, душанба кунидан бошлаб масжидлар фақат “яшил” ҳудудларда ўз фаолиятини бошлайди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тақдим этган рўйҳатга кўра Музработ тумани ҳам “ЯШИЛ” ҳудуд тоифасига киради.
Демак, 8 июнь санасидан бошлаб “Дўстмуҳаммад бобо” масжидида ҳам санитар талаблар асосида 5 маҳал намозлар адо этилади.
Аллоҳ таолодан янги бунёд этилган Ўзининг байтини мусулмонлар учун хайрли, то қиёматгача азон овозлари янграб турувчи маскан бўлмоғини тилаб қоламиз!
Музработликларни эса байтуллоҳ билан муборакбот этамиз!