Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири.
Кўринмас душманлар биз билан бирга,
Улар доим қасди жонимиздадир.
Гўё дахлдордай ҳар бир тақдирга —
Ҳар кун, ҳар соатда ёнимиздадир.
Уйғоқ ҳар бир кўнгил уларга душман,
Қадрдон ошноси — ҳар мудроқ юрак.
Улар бу борада жиддий уюшган,
Уларга лоқайд ва мудроқлар керак.
Фарқи йўқ кекса-ёш, эркакми, аёл —
Бани одамзодга алами бордай:
Дунёда сиҳатлик топсин дер завол,
Тириклик ётсин дер хаста бемордай.
Мўлжал-муддаоси — тўсиқсиз ҳар қалб,
Илму маърифатсиз ҳар мия бўлган.
Шундоқ тарқаб-тарқаб, бир-бир эгаллаб,
Охир келиб катта армия бўлган.
Кибру манманликнинг мавжлари аро
Қай лаҳза лоқайдлик лангар ташлагай —
Билингки, бу душман эмас бепарво,
Бу душман шу заҳот лашкар ташлагай.
Лашкар эса ҳеч вақт бехатар бўлмас,
Дилларга ин қурган махсуслари бор.
Ҳасад, риё отлиғ яшовчан, ўлмас,
Жаҳолат сингари жосуслари бор.
Кўриб тургайдирсан дўсту ёрингни,
Ғаним гар одамдир — кўриб тургайсан.
Билмасанг, сезмасанг зўр ағёрингни,
Бошинг қайга олиб, қайга ургайсан?..
Уруш пайтидаги танг ҳолат янглиғ
Жанг кетар шафқатсиз, тун-кун, беомон.
Маҳв этар кўринмас қабоҳат янглиғ,
Бу душман ёмондир, бу душман ёмон!
Қондош-қариндошинг қаршингдаги-ю,
Кам-кўстинг хизматинг, ишингдагидир.
Ташингдаги душман ташингдаги-ю,
Ичингдаги душман ичингдагидир.
Ер юзин забт этиб олмоқдан аввал,
Эринчоқ элларни қилгайдир ишғол.
Онгу тафаккурин айлабон қамал,
Кулфат ёғдиргайдир, ёғдирар завол.
Қасри бунёдингни емиргай ногоҳ,
Кейин наф келтирмас сўнгги пушаймон.
Эй инсон, огоҳ бўл, огоҳ бўл, огоҳ,
Бу душман ёмондир, бу душман ёмон!
Билгилки ҳар соат, ҳар лаҳза, ҳар дам,
Лоқайд бўлмоқликка ҳаққимиз йўқдир.
Қайта яралмагай Ватан ва одам,
Бизнинг бошқа элу халқимиз йўқдир.
Оламда жанг кетар пинҳон ва узоқ,
Шайтон ҳам шайланиб шимармоқда енг.
Бундай пайт иғвою бўҳтон тарқатмоқ,
Халқингга хиёнат қилмоқ билан тенг.
Ҳақ йўли бир бора ўтилгай дебон,
Қурбон бўлиб кетган Чўлпонлар ҳаққи,
Янги замон қурмоқ эмасдир осон —
Мард ва матонатли инсонлар ҳаққи,
Азиз шифокорлар, ҳорғин юз-кўзлар,
Тунлар мижжа қоқмай қақраганлар — сиз,
Жон олиб, жон бериб ҳар бемор узра,
Миллат соғлиғини сақлаганларсиз.
Сўнмагай оламда меҳру вафо ҳам
Одамзод қалбининг нур, зиёлари.
Огоҳ ҳар бир элни асрар Оллоҳ ҳам,
Асрагай азизу авлиёлари.
Кўринмас душмандир гар бало, офат,
Уйғоқ юраклардир — уйғоқ посбонлар.
Манзилга еткизгай соғ, беталофат —
Уйғоқ карвонларни уйғоқ сарбонлар.
Ҳушёр бўл, замондош.
Уйғон, замондош!
Мард зотлар ҳикмати бизга бўлсин ёр.
Чунки ортимизда — жигардош, жондош
Она Ўзбекистон — бедор Ватан бор.