Энди ўткир блогер бўлсангиз ва ҳукуматда ишлаётган бўлсангиз, айтган ҳар бир сўзингиз ҳар икки ролда элакдан ўтаверади. Буни бас қилиш учун бир томонни танлашга мажбурсиз. Давлатга ишлаш, глобал майдонда, овозни ўчириш демакдир. Фикрингиз муҳим ва таъсирчан бўлса-да, сиз ҳукуматдаги одамсиз, қанчалик тепада ёки пастда бўлманг.
Ҳар бир давлат органида ходимларнинг оммавий чиқишлар қилиши борасида протокол мавжуд бўлиши керак, бўлмаса, демак, катта камчилик. Ҳар бир орган ўз ходимларини медиада қай тарзда ва қачон чиқишини белгиловчи этик меъёрларга эга бўлиши зарур, худди ҳар бир медиа ўз этик кодексига эга бўлиши керакдек.
Ҳатто ОАВ вакили бўлганингизда ҳам эксперт сифатида сиздан кимдир фикр сўраса, бу айнан сизнинг қарашингиз экани ва ташкилотингиз номидан гапирмаётганингизни ҳар доим очиқ-ойдин эслатиб туришингиз зарур. Акс ҳолда айтган сўзларингиз манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлиши мумкин.
Халқаро амалиётда одатда ҳар бир ташкилот, давлатники ёки хусусий, жамоатчилик билан ишлайдиган бўлими ва юридик кенгаши орқали бу ишни ҳал қилади. Сизга медиа ёки бирор бошқа тарафдан савол тушса, жавоби кенг оммага ҳавола қилинадиган бўлса, сиз бу борада юқоридаги бўлимларга албатта хабар бериб, улар билан маслаҳатлашишингиз керак. Одатда улар сизга чиқишни ман эта олмайди, чунки фикр ва сўз эркинлигингиз бор, бироқ қай тарзда билдириш юзасидан тавсия беради, меъёрларни эслатади. Бу билан сиз профессионал қоидаларга амал қилаётган бўласиз ва бирор хато қилсангиз, қилмиш учун ўзингиз жавоб берасиз, ташкилотингиз сизни нопрофессионал хатти-ҳаракатда айблашга ҳақли бўлади. Корхона ўз нуфузи ва позициясини шу каби этик тамойиллар орқали ҳимоя қилади.
Балки ишхонангиз сизнинг блогерлик фаолиятингизни тўлиқ қувватлар ва сизнинг кучли шарҳларингизни ёқлар. Шундай бўлса, демак, ҳар сафар блог ёзганингизда тепаси ёки пастига бу ишхонам қарашларини акс эттирмайди ва менинг шахсий блогим, деган эслатма қўйинг. Агар ОАВ шунда ҳам эътибор бермаса, демак, уларда этика ва виждон масаласи чатоқ.
Кўплаб давлатларда, хусусан демократик тизимларда, ташкилот ва уларнинг ходимларининг репутацияси медиага ташлаб қўйилмайди. Блогерлик, колумнистлик ва умуман ишдан ташқари ҳар қандай фаоллик чекланади. Яъни, бизга ишлаяпсанми, демак, рухсат берилганда ва лозим топилганда гапирасан.
Масалан, АҚШда давлат тизимида ишлайдиганларнинг шахсий фикрини билиш амри маҳол. Чунки, уни кенг оммага айтиш ишга, ишончга ва мақсадга раҳна солиши мумкин. Ҳатто илмий-таҳлилий мақола ёзмоқчи бўлсангиз ҳам ўнлаб чиғириқдан ўтасиз ва махсус кенгашлар рухсат берсагина бундай ишларга қўл урасиз.
Университетларда маъруза қилиш, давра суҳбатларида иштирок этиш, анжуманларда қатнашиш, умуман омма олдига чиқиш – жуда нозик масалалар. Тепада айтганимдек, ташкилот фотиҳаси олинмасдан қадам ташлаш жазо ва чораларга eтаклайди.
Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, қайерда сўзламай, қай нашрда мақола ёки суҳбатим чиқмасин, ишхонам буни билиши ва бу чиқишларим фақат менинг муносабатимни акс эттириши ва асло ташкилотим позицияси эмаслигини алоҳида қайд этишим керак.
Ўзбекистон энди истисно ҳолат, бу мамлакатда ҳозир ҳар соҳада тажриба ва сабоқ, ҳали юқоридаги каби талаблар қўйиш учун эрта, деб қараган тақдиримизда ҳам сиз ҳукуматда ишлаш ва блогерлик орасида муроса қилишингиз керак.
Халқ давлат тизимидаги танқидий овозларни эшитиб туришдан манфаатдор, аммо бунинг ҳам этик меъёрлари белгиланмас экан, ўзингизни ҳар сафар ҳимоя қилишга мажбурсиз ва нариги тараф ҳам сизга ўз иддаоларини ёғдираверади.
Давлатда ишлаётганлар шахсий фикрларини қандай баён этиши мумкинлиги ҳақида тартиб белгиланиши ва медиани ҳам уларни ҳисобга олишга ўргатиш керак.
Навбаҳор Имомова, журналист.