Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида шаҳар фаоллари билан учрашди. Унда ҳудуддаги тозалик-ободонлаштириш ишлари ҳамда турли соҳа объектларинининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолатлари танқидий таҳлил қилинди.
Тадбирда шаҳарнинг айрим ҳудудларида озодалик, саранжом-саришталик кўзга ташланмаётганлиги, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, атроф-муҳит ободончилигида ҳам хунук манзара касб этиб келаётган чиқиндиларни ўз вақтида ташиб чиқаришда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги, аҳолининг уй ва ҳовлилар атрофини тозалаш ва атроф-муҳитга бўлган шахсий масъулиятини ошириш зарурлиги айтилди.
Турар жойлар, ижтимоий муассасалар ва корхоналарни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳолати,аҳолини электр, иссиқлик, газ, сув ва бошқа ҳаётий зарур воситалар билан узлуксиз таъминлаш, одамларнинг фаровонлиги ва розилигини ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.