Ўзбек ва тожик халқлари азалдан яқин дўст ва биродар бўлиб, қўшничилик муносабатлари ҳам қуда-андачилик, қариндошлик ришталари билан мустаҳкам боғланган. Кейинги беш йил ичида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди.
Ҳар икки мамлакатда ҳам илм-фан, адабиёт соҳасининг етук намояндаларига эҳтиром кўрсатиб келинмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида ўзбек ва тожик халқларининг буюк мутафаккирлари – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ҳайкал ўрнатилган эди.
Ана шу эзгу ташаббусга жавобан Душанбе шаҳрида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи барпо этилиб, унда икки буюк сиймонинг ҳайкали қад ростлагани халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ифодаси бўлди.
Шунингдек, ҳар икки халқ адабиётининг етук намояндаларининг юбилей ва таваллуд кунларини нишонлаш тадбирларининг мунтазам ўтказиб борилиши ҳам адабий алоқаларнинг бир намунасидир. Ушбу тадбирларнинг узвий давоми сифатида 19 май куни Термиз давлат университети ўзбек филологияси факультетида ХХ аср тожик адабиётининг йирик вакили, шоир Лойиқ Шерали таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Лойиқ Шерали – муҳаббат куйчиси” деб номланган адабий кеча бўлиб ўтди. Ушбу тадбир тожик филологияси ва шарқ тиллари кафедраси ҳамда Сурхондарё вилояти тожик маданият маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда профессор-ўқитувчилар, талабалар, воҳамиз ижодкорлари, марказ вакиллари, ОАВ ходимлари ҳамда онлайн шаклда Тожикистон Республикасидан адабиётшунос олимлар иштирок этди. Тадбирни ўзбек филологияси факультети декани О.Шофиев кириш сўзи билан очиб берар экан, тожик замонавий шеъриятининг таниқли вакили Лойиқ Шералининг ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги адабий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди. Сўнг Тожикистоннинг Бобожон Ғаффуров номидаги Хӯжанд давлат университети профессори Матлубаи Мирзоюнус (Ходжаева) онлайн шаклда шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида маъруза қилди.
Бадиий қисмда тожик тили таълим йўналиши талабалари томонидан Лойиқ Шерали шеърлари айтилди. Шунингдек, кечада воҳамизнинг хушовоз ҳофизлари Хайруллои Насриддин ва Кенжабой Раҳмонов, Мирзоназар Бобоназаров томонидан шоирнинг ғазаллари асосида басталанган қӯшиқлар янгради.
Тадбир якунида адабий кеча ташкилотчиси тожик филологияси ва шарқ тиллари кафедраси мудири, Сурхондарё вилояти тожик миллий маданият маркази раҳбари Рамазон Абдуллаев сўзга чиқиб, шоирнинг бадиий маҳорати, Тожикистонда унинг ижоди бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар, бошқа тилларда қилинган таржималар борасида тўхталиб ўтди ва барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдириб, фаол қатнашганларга ташаккурнома ва эсдалик совғаларини тақдим қилди.