Термиз шаҳрида сунъий қопламали муз саройи ва бошқа савдо, хизмат кўрсатишга мўлжалланган замонавий мажмуа иш бошлади
Термиз шаҳрида бунёд этилган тўрт қаватли замонавий мажмуа фойдаланишга топширилди. Мажмуада сунъий қопламали муз саройи, супермаркет, банк хизмати, 40 га яқин савдо дўкони, болалар ўйингоҳи, ресторан, Fast-fud таомланиш шаҳобчаси мавжуд бўлиб, иншоот “Термиз тезкор қурилиш” ихтисослашган таьмирлаш-қурилиш ташкилоти томонидан бунёд этилди.
Тақдимот маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари иштирок этди. Тадбирда қайд этилганидек, вилоятнинг маъмурий маркази – Термиз шаҳрида кўплаб маданий-маиший, савдо ва хизмат кўрсатишга мўлжалланган иншоотлар қад ростламоқда. Бу эса одамларга қулай турмуш шароитларини яратиш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Мажмуанинг биринчи қаватида фигурали учиш, хоккей ва бошқа спорт ўйинлари учун барча шароитлар муҳайё этилган. Сунъий қопламали муз майдонида Испаниядан олиб келган илғор технологияли ускуна ва жиҳозлар ўрнатилган. Ушбу мажмуада бир йилда ўртача 60 минг аҳолига хизмат кўрсатиш мўлжалланган.
– Замонавий савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар мажмуада 300 га яқин иш ўрни яратилди, – дейди “ICEBERG” кўнгилочар мажмуа директори Ҳ. Қодиров. – Бу ерда асосан шаҳар ҳокимлиги тавсияси билан “Ёшлар” ва “Аёллар дафтари” га киритилган фуқаролар ишга жалб этилди.”ICEBERG” кўнгилочар мажмуаси тақдимот маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.