Республикамиз Президентининг 2017 йил 13 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 9 июлда қабул қилинган “Иқтисодиёт ва аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, нефть ва газ саноатини бошқариш тизимини молиявий соғломлаштириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига табиий газ етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш ва ўзаро тўловларни тартибга солиш устувор белгиланиб, унга илғор инновацион технологияларни жорий этиш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, мазкур қарорларда барча тоифадаги истеъмолчилар учун замонавий – “ақлли” газ ҳисоблагичларининг ўрнатилиши мажбурийлиги белгиланиб, шу орқали газ истеъмоли ва ҳисобга олишни назорат қилиш, маълумотларни йиғиш учун ягона бошқарув тизимини йўлга қўйиш, газ таъминотчиси ва энергия комплексининг бир қатор тузилмаларидаги молиявий йўқотишларнинг олдини олиш, аҳоли орасида истеъмол қилинган табиий газ учун дебитор қарздорликни камайтириш имконини яратади.
“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали директори М.Мансуров Сариосиё ва Узун туманларида ўрнатилаётган “ақлли” газ ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнлари билан яқиндан танишиб чиқди.
Мазкур автоматлаштирилган тизимни соҳага тадбиқ этиш орқали тизимдаги қарздорлик билан боғлиқ муаммо, узилишлар вужудга келишининг олди олинади, йўқотишларни камайтириш ҳамда “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида газ таъминоти ташкилотини вақтида огоҳлантирилишига эришилади. Шунингдек, “ақлли” ҳисоблагичлар истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида маълумотларни узатади, натижада дебитор қарздорлар сони сезиларли даражада камайиб, газни ҳисобга олишнинг “Биллинггаз” тизимидаги кўрсатгичлар ўзгаришига инсон омили таъсирини бартараф этилишига олиб келади.