Жорий йилнинг 1 декабрь куни Сурхондарё вилоят судида “Очиқ эшиклар куни” мавсузида вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари Сурхондарё вилоят Юридик техникуми талабалари билан давра суҳбати ўтказишди. Давра суҳбатида талабаларга судлар фаолияти, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Ўтказилган давра суҳбати давомида вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси З.Тожиев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши, ўтган йилларда Конституциягша киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, киритиш тартиби, унда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчлари ва бошқа жиҳатларга тўхталиб, ҳар бир хонадонда Конституция бўлиши лозимлиги ва ёшлар уни нормаларини билиши ҳамда уларга қатъий амал қилиши лозимлигини таъқидлади.
Бундан ташқари, судлов ҳайъати судьяси З.Тожиев давра суҳбати давомида “Коррупция – жамият кушандаси” мавзусига тўхталиб, ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупция эканлиги, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинаётганлиги, чунки порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳавфли жиноий ҳодисалардан бири ҳисобланиши, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиши, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштириши, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келишини, коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартириши ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлишлигини билдирди.
Шундан сўнг, семинар машғулотида судлов ҳайъати судьяси Х.Хакимов сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқ эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури мазмун-моҳиятини тушунтириб ўтди.
Келгусида мазкур “Суд ва ёшлар” учрашуви доимий равишда ўтказилиб борилиши, ўқувчилар эътиборига етказиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаш ҳамда ўқитувчи ҳамда ўқувчилар томонидан ушбу масала юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш юзасидан тавсиялар берилди.
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти