Никоҳ тушунчасига таъриф бериладиган бўлса, бу эркак ва аёлнинг ихтиёрий ҳамда ҳуқуқларининг тенглиги асосида оила тузиш ва эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтириб чиқаришга қаратилган иттифоқидир. Никоҳ шакли деганда уни қонун билан белгиланган қайд қилиш усули тушунилади. Ўзбекистонда никоҳнинг қонуний шакли уни ФҲДЁ органларида давлат рўйхати орқали қайд этилиши ҳисобланади. Никоҳнинг давлат рўйхатидан қайд қилиниши ҳуқуқ белгиловчи аҳамиятга эга: шу пайтдан бошлаб эр-хотинларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади, уларга никоҳ қайд қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади ва фуқаролик паспортларида уларни қонуний никоҳда турганлиги фактини тасдиқлайдиган белги қўйилади. Амалиётда турмуш ҳаётимизда учрайдиган никоҳнинг фактик ва шаърий шакли мавжуд, аммо иккиси ҳам ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди, яъни бунда эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўлмайди. Фактик никоҳ бу қонунда белгиланган тартибда никоҳни қайд қилмасдан туриб эркак ва аёлнинг биргаликдаги турмуши бўлиб, оила қонунчилиги нормаларига асосланган ҳолда ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди. Қонунчилигимизда фактик никоҳни, агар эp-хотиндан биpининг ўлими натижасида фуқаpолик ҳолати актларини қайд этиш органлаpида никоҳни pўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмай қолса, қонунда белгиланган ҳоллаpда уларнинг ҳақиқатда эp-хотинлик муносабатлаpида бўлганлик фактини белгилаши мумкин.
Никоҳ тузиш тартиби ва шартларини оила қонунчилигида белгилаб қўйилганлиги никоҳнинг барқарорлиги ва оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади. Никоҳни тузиш Оила кодексининг 13-моддасида белгиланган қоидаларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилади. НИКОҲ ТУЗИШ ШАРТЛАРИ Бўлажак эр-хотиннинг розилиги Бўлажак эр-хотиннинг никоҳ ёшига етганлиги Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Бу никоҳланувчилар учун яна бир бор ўзларининг мақсадларини ўйлаб кўриш имкониятини беради.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 13-моддасининг 1, 2-қисмларига асосан никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Оила кодексининг 18-моддасига мувофиқ, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланадилар, ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади.
Инсоннинг бахту камоли, жамиятда қандай мақомга эга бўлиши кўп жиҳатдан оилага, ундаги маънавий муҳит барқарорлигига боғлиқ. Лекин юз бераётган оилавий ажримлар туфайли ота меҳридан бенасиб вояга етаётган фарзандлар ҳам, афсуски, кўпайиб бормоқда.
Оилавий ажримдан, аввало, аёл, вояга етмаган бола азият чекмоқда. Айрим ҳолларда оиладаги турли келишмовчиликлар туфайли ёш оила пароканда бўлиб, афсуски, норасидаларнинг моддий таъминоти, руҳияти, тарбияси, тақдири, келажаги савол остида қолмоқда.
Ажримларнинг олдини олиш, оилани мустаҳкамлашга тарғиб қилишга масъул бўлган шахсларнинг шаръий никоҳни ноқонуний бўлишига сабабчи бўлишлари янада ачинарли ҳолатдир. Шаръий никоҳни белгиланган тартибларга зид равишда норасмий шахс томонидан ўқилиши эса ушбу никоҳни ноқонуний бўлишига олиб келади.
Бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича ишлар олиб борилмоқда. Олиб борилаётган амалий ва тарғибот ишларига қарамай, ноқонуний никоҳлар учраб турибди.
Ҳозирги кунда жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда одамлар орасида «мулла» ёки «домла» деб танилган кимсалар мана шундай ишларга қўл ураётганлари кузатилмоқда. Масалани чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилсак, бу ишлар жуда хато эканига амин бўламиз.
Чаласавод, яъни диний ва дунёвий илмларни эгалламаган, тегишли ҳужжат – шаҳодатномаси йўқ, ўзини ўзи «домла» деб номлаб, шаръий ҳукмларни билмаган, ҳатто, оддий шаръий масалаларни ҳам англамайдиган киши қандай қилиб, шаръий никоҳ ўқиш каби масъулиятли ишга қўл уруши мумкин.
Мана шундай норасмий шахслар ўзбошимчалик билан никоҳ шартларига амал қилмай, сўраб-суриштирмай, тиббий кўрик хулосаси ва ФҲДЁ бўлимлари гувоҳномасини олмаган, яна ачинарлиси, никоҳ ёшига ҳам тўлмаган ёшларнинг никоҳларини ўқиши оқибатида турли салбий ҳолатлар юз бермоқда.
Масалан, она ва бола саломатлигига жиддий зиён етмоқда. Шикоят қилинаётган оилавий масалаларни таҳлил қилинса, аксар ҳолда ФҲДЁ рўйхатидан ўтмаган оилаларда ажрим кўплиги ва бундай ҳолларда аёллар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётганлари маълум бўлмоқда. Натижада, оилалар пароканда бўлиб, болалар тирик етим бўлиш каби нохуш ҳолатлар юзага келмоқда.
Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
Оила тушунчаси Конституциямизга ҳам киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилган. Бош қомусимизнинг 63-моддасида бу ўз ифодасини топган. Унда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлиликка асосланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида ҳам никоҳ тузиш тартиби белгиланган бўлиб, кодекснинг 13-моддасида “Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас”, -дея қайд этилган.
Хўш, бизда шаръий никоҳ ўқиш ким томонидан ва қандай амалга оширилади? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш хақида” ги низомини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Оталиқни белгилаш ва ноқонуний никоҳларни олдини олиш мақсадида” ги буйруғи 2-банди, “Никоҳ ўқишдан олдин жойлардаги ФҲДЁ бўлимларининг маълумотномасига қатъий эътибор қаратилиши”, ушбу қарорнинг биринчи бандида эса “Шаръий никоҳларни барча расмий масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари томонидан амалга оширилиши” белгилаб қўйилган. Мазкур ЎМИ буйруғининг 4-бандида “норасмий шахслар томонидан шаръий никоҳ ўқилишини олдини олиш учун имом-хатибларга зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш” юклатилган. Мана шуларга биноан ФҲДЁ бўлимларида никоҳи қайд этилиб, бу ҳақда тузилган гувоҳнома билан фуқаролар расмий фаолият олиб бораётган масжидларнинг имом хатиб ва имом ноибларига мурожаат қиладилар. Шундан сўнг имом хатиблар томонидан уларга шаръий никоҳ ўқилади ҳамда бу ҳақда масжиднинг “Никоҳни қайд этиш” дафтарига маълумот киритилади.
Расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилалар ажрашиб, она ўзининг тирик етим боласи билан кўчада қолишини ҳисобга оладиган бўлсак, шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан бериладиган ФҲДЁ гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқилиши ёш оилаларни ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлади. Гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқилиши эса ҳуқуқий жамият барпо қилинаётган бир вақтда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир.
Ҳозирги кунда, шаръий никоҳ ўқишга лойиқ бўлмаган, норасмий кишилар томонидан никоҳ ўқилиши юқоридаги бир қанча муаммоларга сабаб бўлаётгани учун бундай шахсларга жавобгарлик қўлланмоқда. Агар ноқонуний никоҳ ўқишга чора кўрилмас экан, жуда кўпчилик оилалар бундай ўзбошимчаликдан зарар кўриши аниқ.
Шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан берилган Фуқаролик ҳолати бўйича далолатнома ёзиш гувоҳномаси бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътироф қилиш ўринлидир. Норасмий кишиларнинг ушбу гувоҳномани суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, расмий имомларнинг бундай гувоҳномани сўраб, сўнг никоҳ ўқишлари ёш оиланинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир.
Қайд этиш керак, Ўзбекистонда қонуний никоҳдан ўтмаган фуқароларга шаърий никоҳ ўқиган шахслар МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисми (Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш), 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) ва 47(3)-моддаси 3-қисми (Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш) асосида жаримага тортиб келинади.
Шунингдек, «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорга асосан, оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилиши шарт этиб белгиланган.
Шундай экан, мамлакатимизда оила давлат ва жамият ҳимоясида. Бинобарин, уни мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаро, айниқса, масъул лавозимда ўтирган шахслар зиммасидаги энг муҳим вазифадир.
Инобат Тошбадалова,
ДХА Сурхондарё вилояти бошқармаси ФҲДЁ органлари устидан назорат қилиш шўъбаси бош мутахассиси.