Коррупция бир давлат эмас, балки бутун бир минтақа ёки жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи иллатдир.
Коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражасининг пасайишига олиб келади. Шу билан бир қаторда коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончи йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади.
Коррупция мавзуси кейинги пайтда долзарб аҳамият касб этгани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур иллатга нисбатан одамларда кўникма шаклланиб қолишининг олдини олиш ва унга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бу борада асосий мақсад ҳисобланади.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, 1997 йили қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясида коррупция мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдидлардан бири дея эътироф этилди. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурида ҳам коррупцияга қарши курашиш масалалари белгиланган.
Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-йорк, 2003 йил 31 октябрь), 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган.
Ушбу тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 январида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонуннинг 4-моддасида коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қонунийлик; фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги; жавобгарликнинг муқаррарлиги белгиланган.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатдир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, коррупияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишда давлат органлари билан жамоатчиликнинг мустаҳкам ҳамкорлиги, хусусан, жамоатчилик назорати талаб этилади.
Жамоатчилик назорати давлат органлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдорлари инсон хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминловчи қонун ҳужжатларига риоя этмаган ҳолатларни аниқлашга қаратилган, жамоатчилик назорати субъектлари томонидан қонун доирасида олиб бориладиган чора-тадбирлар мажмуидир.
Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг массласига айланиши керак. «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда ҳам аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ эмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назоратида эканини чуқур ҳис этиши коррупцияга қарши курашишнинг муҳим шартидир.
Фуқаролик ишлари бўйича
Денов туманлараро суди раиси:- Ф.Аллаёров