Бугун Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармасида вилоят 4-сектор ҳудудида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шерзод Ядгаров 2022 йилнинг январ-февраль ойларида 4-секторга бириктирилган 147 маҳаллаларда олиб борилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Хусусан 68 та эҳтиёжманд оилаларни тадбиркорлик, паррандачилик, иссиқхона, майда туркумдаги ишлаб чиқариш ва тикувчилик фаолиятига жалб қилиш орқали доимий даромад манбалари шакллантирилганлиги ва 329 та оилага қарйиб 160 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган икки ойи мобайнида “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш мақсадида йўлларни асфалтьлаш, тош-шағал ётқизиш, кўприкларни таъмирлаш, уй боғчаларини ташкил этиш, сув, электр энергияси ҳамда газ таъминоти билан боғлиқ умумий қиймати 8 млрд. 660 млн. сўмлик қилинган амалий ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Қилинган ишлар билан бир қаторда мавжуд муаммолар ҳам қайд этилди. Жумладан, сектор ҳудудида боғча ёшидаги болалар сони 46 106 нафарни ташкил этиб, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 52,2 фоизни ташкил этиши ва қамров даражасини ошириш шунингдек, хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва табиий газ тармоғига улаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида ҳам айтиб ўтилди.
Матбуот анжумани давомида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар 4-сектор фаолияти ҳамда солиқ соҳасига оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олишди.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати