СУРХОНДАРЁДА ЮҚОРИ ТОИФАДАГИ ТАДБИРКОРЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий йилнинг 1 февралидан эътиборан тадбиркорлар фаолиятини баҳолаб борувчи барқарорлик рейтинги жорий этилганди.

Амалиётга татбиқ этилган мазкур рейтингнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш ҳамда мавжуд мезонлар билан таништириш борасида Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида фаолият юритиб келаётган қоғозни қайта ишлаш корхонасида Хитой технологияси асосида йилига 1 минг 500 тоннага яқин 15 хил турдаги қоғоз масулотлари ишлаб чиқарилади. 650 минг Америка қўшма штатлари доллари миқдорида банк кредити ҳамда 1 млрд 500 млн сўм миқдорида тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобидан фаолияти йўлга қўйилган мазкур корхонада 27 нафар фуқароларнинг доимий бандлиги таъминланган.


Корхонада ишлаб чиқарилаётган қоғоз маҳсулотларига ички ва ташқи бозорда талаб тобора ортиб бормоқда. 2024 йилнинг шу даврига қадар корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 70 фоизи Афғонистон Республикасига экспорт қилинган бўлса, ички бозорда сотилган маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 2 млрд ни ташкил этди.
Бундан бир неча ой олдин ўрта тоифада бўлган “Сурхон қоғоз қайта ишлаш” масъулияти чекланган жамияти бугун барқарорлик рейтингида энг юқори тоифага кўтарилиб солиқ имтиёзларидан самарали фойдаланмоқда.
– Тадбиркорларнинг фаолиятларини баҳоловчи барқарорлик рейтинги жорий этилган дастлабки ойларда бизнинг корхонамиз ўрта “BB” тоифасида эди, – дейди “Сурхон қоғоз қайта ишлаш” МЧЖ раҳбари Рустам Неъматуллаев. – Бизга бириктирилган солиқ инспектори доимий тарзда қайси мезонлар бўйича етарлича балл олмаганимиз, умумий баллни кўтариш учун нималарга эътибор қаратишимиз кераклигини тушунтириб борарди.

Биз “ААА” тоифасига кўтарилишга ҳаракат қилдик ва буни уддасидан чиқдик. Мана шу даврда солиқ мажбуриятлари билан боғлиқ билимларимиз ҳам ортди. Авваллари қўшилган қиймат солиғидан ҳосил бўлган салбий фарқ суммасини 1 ой муддатда, текширувлардан сўнг олган бўлсак, “ААА” тоифасига кўтарилгандан кейин биргина октябрь ойининг ўзида умумий қиймати 534 миллион сўм бўлган қўшилган қиймат солиғидан ортиқча тўловни ҳеч қандай аризаларсиз, текширувларсиз, салбий фарқ суммасини ҳисоботда кўрсатиш орқали 1 кун муддатда қайтариб олдик.


Маълумот учун айтиш керакки, корхонабай тизими асосида вилоятдаги 9 минг 600 та корхонага 48 нафар солиқ инспектори бириктирилган бўлиб, улар ўзларига бириктирилган тадбиркорлик субъектларига солиқ мажбуриятларини тўғри ва ўз вақтида бажариш, мавжуд муаммоларига ечим топиш, шунингдек, барқарорлик рейтингидаги даражасини оширишда кўмаклашиб келмоқда.

Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси Матбуот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan