Халқимиз азалдан саховатпеша, эзгу амаллар қилишни яхши кўради. Буни бугунги кунда амалга оширилаётган хайрия ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Жорий йилнинг 5 апрель куни Ангор тумани 3-сектор ҳудудидаги “Қўштегирмон” маҳалласида яшовчи 3 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган оилаларга бир бошдан қорамол бепул берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларни камбағалликдан чиқариш мақсадида амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар халқимизни бирдамликка, аҳилликка чорлайди.
-Йиқилганни суяш, эҳтиёжмандларга мурувват кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат, – дейди Назира Бектошова. – Кўрсатилган бу ёрдамдан кўнглим тоғдек кўтарилди. Оилавий шароитимиз инобатга олиниб, бизга бир бош соғин сигир берилганидан хурсандман. Энди рўзғоримиз бут, дастурхонимиз обод бўладиган бўлди.